Аммо ҳовлига қайтиб келишганидан, куёв бола кетганидан кейин вазият яна ўзгарди. Ҳилола хонага кирган заҳотиёқ келинлик либосларини жаҳл ила ҳар ёнга итқитганча йиғига тушди. Опаларию янгалари дарҳол уни қуршаб олишди: баъзи бирлари қўрқиб кетган; айримлари нима гаплигини тушунолмай ағрайиб қолишган эди.
– Ҳа, сенга нима бўлди? – ўзини йўқотмаган Ҳабиба синглисининг елкасидан тутиб, уни ўзига қаратди. – Бирор нима чақиб олдими?
– Ҳа, сезмадизми, чақиб олди, – кўзёшларини тиёлмай, жеркинди у.
– А? Мен пайқамабман, қаерингни чақди? – Ҳабиба шоша-пиша унинг у ер-бу ерини “текширган” бўлди.
– Қўйинг-э, – Ҳилола опасининг қўлидан юлқиниб чиқди. – Тўй бўлмайди, тамом!
– Нималар деёпсан? – энди Ҳабиба жаҳл жиловини бўшатиб, уни турткилади. – Эсинг жойидами, ўзи? Нимага тўсатдан ўзгариб қолдинг? Ичингга жин-пин кириб қолмадими?
– Тўхтанг, опа, – кўзлари ёшга тўлган Ҳусния Ҳабибанинг қўлидан тутиб, ўзига қаратди. – Ҳеч нимани пайқамадингизми?
– Йўқ, нимани пайқашим керак, тушунмадим? – ҳайратангиз анқайди опа.
– Сиздай тажрибали муаллима ҳеч нимани сезмаганига ҳайронман, – йиғламсиради Ҳусния. – Куёвнинг афтига ҳеч зеҳн солмадингизми, опа?
– Йўқ, зеҳн солмадим. Оппоққинайкан… – бўшашиб, гуноҳкорнамо, энди анча суст гапирди Ҳабиба. – Лекин юзида тиртиқ-пиртиқ кўрмадим. Нима айби бор экан?
– Пиёнисталиги шундай кўриниб турибди-ку, опа!
– Э, бундай демайсанми? Жуда қўрқитиб юбординг мени, – энди Ҳабиба ўнгланиб, кулди. – Ўйланяпти. Ўғил бола… Ўртоғлари билан ичган бўлса, ичгандир-да. Шунга шунча ваҳимами? Ичмайдиган эркак борми ўзи бу замонда, а? – у Ҳилолага пўписа қилди.
– Ичмайдиганлар кўп, опа, – синглиси учун ҳам Ҳусния жавоб қайтарди. – Лекин ичишдаям ичиш бор-да. Уни афтига қаранг, худди турмадаги кишига ўхшаб, рангида ранг қолмаган. Бир кун ичганни аҳволи бунақа бўлмайди.
– Э, ҳамма ваҳима ўзингдан чиққанакан-да, ўргилай сендан! – у яна Ҳилолага ўгирилди. – Йиғингни қўй, очилиб-сочилиб, тўйингни ўтказайлик, сингилжон!
– Тўй тўхтатилсин, – деди Ҳилола қатъий оҳангда. – Мен уйдан қочиб кетаман.
– Жинни бўлибсан! Пўсти-гўштингга жин кириб олибди! – шу томон секин юриб келаётган укасини кўриб, Ҳабиба унга мурожаат қилди. – Фазлижон, амаким меҳмонхонада ўтирибдиларми?
– Ҳа, нимайди? – Фазлиддин таққа тўхтаб, унга қаради. – Бирор ишингиз борми?
– Илтимос, амакимни секин бу ёққа чақириб бер.
Фазлиддин кулимсиради. Сўнг негадир хавотирланиб сўради:
– Шу топда нима шошилинч гап чиқди, опа?
– Мана буни биир ўқиб қўйсинлар, – Ҳабиба синглиси сари бош ирғади.
– Ие, ҳозирданми? Ахир кечқурун, куёв тўйхонага олиб кетгани келганда никоҳ ўқитилади-ку?
– Тўй