– Адашиб бўлдимов, – деди Ҳилола ўзига ўзи, мулла уйдан чиқиб кетганидан кейин. Аммо унинг ҳолати бир соат аввалгидан анча фарқ қилар, энди ташвишлардан, сиқилишдан қутилган, ўзини бир мунча енгил ҳис этар эди.
Бу ҳолат кечда ҳам, қишлоқнинг бошқа мулласи келиб, никоҳ ўқиганида ҳам, куёв йигит қўлидан тутганча даврага олиб кирганида ҳам уни тарк этмади. Э-ҳэ, давра бунчалар гавжум, одамлар бунчалар кўп, дастурхонлар бунчалар сероб! У ҳеч қачон шундай бўлишини, дабдабали тўй ўтишини кутмаган эди. Ана, яқинидаги узун устал атрофида акаларию опалари, янгаларию поччалари, яқин қариндошлари қувнаб ўтиришибди.
Куёв бола келинга пастроқ овозда:
– Қайнатам ёнидаги одам қайнатайиз бўлади, – деди. Энди у анча ўзгарган, жуда қувноқ – мамнун йигит тусини олган, Ҳилолага тез-тез, суқланиб нигоҳ ташлайди, нимадир дегиси, келин диққатини тортгиси келади:
– Ҳилолахон, конякдан оласизми, шампонданми?
– Йў-йўқ, ҳеч қайсидан ичмийман.
– Шампондан ичинг, озроқ бўлсаям… Зарар қилмайди.
Куёв жўра чаққонлик билан столдаги шампан виносини қўлга олди.
– Сираям, сираям, – Ҳилола қайта-қайта бош чайқади. – Ҳеч ичмаганман.
Куёв жўра ўртоғига қараганча нима қиларини билолмай, тўхтаб қолди. Куёв: “Майли, ихтиёрига қўй”, дегандай кўз қисди. У эса:
– Ўзинг-чи, Босит, қайсидан қуяй? – дея шишани қўймай куёвга хушомадомуз ишшайганча қаради. – Шампон созми, дейман?
– Менга ишинг бўлмасин, – деди Босит келинга бир қараб олиб. – Қайсидан хоҳласанг, ўзинг олавер.
“Хайрият, – деган фикр ўтди Ҳилоланинг хаёлидан. – Пиёниста бўлганида индамай олаверарди… Балки бирор ишкал чиқишидан қўрқиб, ўзини тийгандир?”
У яна даврага, ўз яқинларига назар солдию ҳайратланганча ёнидаги жиянини секин туртди:
– Гулсум, дадангни кўраяпсанми?
– Ҳа, кўраяпман, – деди жияни қовоғи солиниб. – Ичишни ташловдилар – намозга ўтганларидан кейин сира ичмай қўювдилар.
– Ўзи аввал ҳам унча ичмасдилар.
– Ҳа, уйга жуда нозикроқ, ўзларига яқинроқ меҳмон келса, озроқ ичарканлар, бошқа маҳал меҳмон билан отига тўқиштирарканлар. Фақат куёвлари қўймай гоҳо ичирарди.
Гулсум куёвлари деганда тўрт йилча аввал тўйлари бўлиб ўтган ўз эрини назарда тутди, ҳозир ўша куёв ҳам қадаҳ тутганча қайнатасига ниманидир уқдирарди. Нуриддин эса кулимсираганча гапирар, у анча хурсанд кўринарди.
– Қўявер, акам биир яйрасинлар, – деди Ҳилола ва акасининг нега хурсандлигини ўзича, хаёлан чамалади: “Акам бечора мени деб қанча азият чекдилар. Дониёрни фотиҳаси қайтганидан қаттиқ хафа бўлувдилар, бунга бош қўшган акалариму опаларим билан сан-мангача бордилар. Ишқилиб, акажон, энди хафа бўлманг, сизни ҳеч ким хафа қилмасин. Худо хоҳласа, мен ҳам қийинчиликларга чидашга уринаман”.
Чиндан ҳам Нуриддин хурсандчилигини яширолмай даврада айтилган ҳамма яхши сўзларни қадаҳ