Катта хонадон 1. Салом Муҳаммад. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Салом Муҳаммад
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-5990-9-3
Скачать книгу
елкасидан енгилгина босиб қўйди. Сўнг соқий йигитга имо қилди. – Бизагаям садта-садта қуйинг, қудам билан олайлик.

      Дарҳол икки қадаҳ тўлғазилиб, иккала бош қудага узатилди. Одил бобо ҳам бирисини индамай олди. Қадаҳлар тўқиштирилди:

      – Фарзандларимиз бахтли бўлсинлар! – деди мезбон қуда Одил бобога қараб олиб. Сўнг Нуриддинга юзланди. – Синглийиз оиламизга файз, қувонч келтирсин.

      – Айтганингиз келсин, қудажон! – Нуриддин ҳаяжонланиб, беихтиёр қадаҳини қуданинг қадаҳига урди, жаранг садоси эшитилиб, бир неча томчилар ўзининг кўйлагига сачради. Лекин эътибор бермади. Шу билан бирга қадаҳни дарҳол бўшатмади, куёвнинг отасини кутди. Бироқ у киши ҳам ичмай, тавозе билан унга қараб турди. – Олинг қани, қуда бобо, – дедию у отасига қаради. – Сиз ҳам оласиз чоғи, ота?

      – Нимага олмасканла? Биза энди хеш бўлопмиз. Оладилар. Энди, акаа… – қуда ўзидан ёши кичик қудачани ҳурматлади, – сиздан аввал ичмаймиз-да. Аввал сиз бўшатинг, Тошкандай улуғ ердан келгансиз. Қани, кўтаринг, – у қадаҳини яна Нуриддиннинг жажжи пиёласига секин туртди.

      Нуриддин бу сафар интизор қилмади, тик турганча пиёлани бўшатди. Кейин бошқаларга навбат етди. Одил бобони ҳам қуда охиригача ичиргач:

      – Асли буни ман ташлаб юборганман, – деди. – Сизлар учун…

      – Қаёққа ташлагансиз? – ҳазиллашган бўлди Одил бобо. – Биқингами, қорингами?

      – Қудуққа, қайтиб чиқмайдиган жойга, – кулди қуда.

      – Ҳаа, мана бу қудуққа денг? – Одил бобо қудасининг қорнига ишора қилди.

      – Ҳаҳ-ҳаҳ-ҳа, – қуда завқланиб кулди. Баланд пардада янграётган қўшиқ остида бу садо узоққа таралмади. – Энди шу қудуққа ташлашимиз рост бўлсин! – дея пиёладаги суюқликни шошилмай симирди. Нуриддин узатган бир бўлак гўштни олиб, унинг қўлига ўнг кафти қирраси билан секин уриб қўйди. – Раҳмат, қудажон.

      Улар энди навбатдаги меҳмонлар сари силжишар экан, мезбон Нуриддиннинг қулоғи сари энгашганча:

      – Энди бир оғиз лутф қиласиз, қудажон, – деди. – Хайми?

      – Қайси маънода? – Нуриддин унга, сўнг отасига саволомуз қараб олди. Отаси елка қисди.

      – Айтаман, ҳозир сизга сўз берилади.

      – Э, мени қўйинг, ана, отам гапирадилар. Отам турганларида мен гапирсам, беодоблик бўлади.

      – О, тилийизга наввот, қудажон! – қуда ортига ярим қадам қайтиб, Нуриддинни қучганча пешонасидан ўпди. – Баракалла, ота ўғли! Аммо катта қудам ҳам албатта гапирадила. Тўй охирида, манминан тик туриб, фотиҳа берадила. Шу учун сиз хотиржамликминан сўз айтаверасиз.

      Нуриддин индамай таъзим қилди. Лекин даврани олиб борувчи йигит уни кўкка кўтарувчи мақтовлар билан сўз берганида, овоз кучайтиргични унга келтириб беришганида ғалати ҳол юз берди. Шунгача эса у ҳақиқатан ҳам ҳамманинг эътиборини тортадиган сўзлар айтишни мўлжаллаган, бу борада ҳеч кимдан қарзга фикр-гап олмайдиган кимса эканини намойиш этгиси бор эди. Аммо овоз кучайтиргични қўлида тутганча тўрга қарадию негадир кўнгли бузилиб кетди. Озғингина, увоққина (унинг