Катта хонадон 1. Салом Муҳаммад. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Салом Муҳаммад
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-5990-9-3
Скачать книгу
Гулсум ва аёли Озода – ҳамма ўйнаяпти, гўё ҳамма янги оилага – келин-куёвга бахтли ҳаёт тилаяпти. Шу аснода тўй “гуноҳкорлари”ни даврани тарк этишга, уларнинг дам олишлари учун рухсат этилди. Тантана эса тўхтамади, аввалгидай давом этаверди. Бир маҳал Озода эрига яқинлашди-да:

      – Бўлар энди, дадаси, – деди билагидан тутганча. – Кетиш керак.

      – Шунақами? – Нуриддин мастона кулимсиради, оёқлари чалишгансимон довдиради. У маст эса-да, ҳушини йўқотмаган, вазиятни англар, тўғри мушоҳада қилар эди. Аммо ҳеч ёққа кетгиси келмасди. – Ҳилолани ташлаб, а?

      – Ҳа, ташлаб кетмай нима қилардиз? Энди у мана шу ҳовлини эгаси бўлади.

      – Энди уни қачон кўрамиз?

      – Энди… энди… – Озода каловланди, – энди қачон қишлоққа келсак… Эртага кетамиз-ку.

      – Ҳа-я, кетамиз… Унда… Озода, ҳозир уни кўрсак, хайрлашсак, бўладими?

      – Бўлади, дадаси, бўлади, юринг, – Озода унинг қўлидан тутганча ичкари ҳовлига бошлаб кетди. Гавжумгина, аёллар қуршовидаги бир хона рўпарасида тўхтаб: – Сиз шу ерда кутиб туринг, мен Ҳилолани огоҳлантириб чиқай, – дея у йўрғалаб ичкарига кириб кетди. Салдан кейин эрини ичкарига бошлади. Хонага чимилдиқ тутилган эди. Акасининг кириши муносабати билан қудалар чимилдиқнинг бир томонини кўтариб қўйишибди. Ҳилола ҳамон оппоқ – тўй либосида фаришта янглиғ эгилиб турибди. У акасини кўрган заҳоти икки-уч одим олдинга юрди:

      – Акаа, кетманг, – шивирлади у. – Бир-икки кун қолинг.

      – Қанийди, жуда истардим… Ишга бо… бориш ке… рак, сингилжон…

      – Унда янгамни қолдириб кетақолинг, жоон ака. Хўпми?

      Нуриддин “қоласанми?” дегандай хотинига юзланди.

      – Ҳеч иложим йўқ, Ҳилолжон, ҳали эртагаям ишга боролмийман. Йўл…

      – Йў-йўқ, кетмайсиз, мен билан қоласиз, – Ҳилола ёш қизалоқдай йиғламсираб, янгасидан аразлаган каби тескари қаради. Сўнг акасидан илтимос қилди: – Ҳеч бўлмаса, шу кеча қолсинлар, кўндиринг, акаа.

      – Бўпти, эрталабгача янгангни сенга топширдим, сингилжон, – дея Нуриддин унинг елкасидан тутганча пешонасидан ўпдию кўзларидан дувиллаб ёшлар қуйилди. Сўнгги сўзлари бўғзидан аранг отилди. – Бахтли бўлл…

      Ҳилола акасининг елкасига юзини босди, лекин овоз чиқаролмади. Нуриддиннинг ўнг елкаси ҳўл бўлган эди. Бироқ сархушлиги боис буни пайқамади. У қўл силкиб, синглисидан узоқлашаркан, қийинчиликлар, изтироблар гулханига уни ўтин каби ташлаб кетаётганини тасаввур ҳам қилолмас, у ўйлаган бахт сароб янглиғ кўзга ташланганини тушида ҳам кўролмас эди. Зотан, у ҳозир буни ўйлаш, фикрлаш даражасидан йироқда, гўё саробли бахт нурларида кўмилиб, чўмилиб, ичда хиргойи қиларди: “Онамнинг кенжаси, кенжа синглим, бахтли бўл, онам абадий маконида тинч ётсинлар, сендан тинчисинлар, сингилжон…”

* * *

      Тушга яқин, автобусда кетишаётган чоғда Озода айтган гаплар Нуриддиннинг кўнглини тинчитди, дилидаги номаълум ғулғулаларга барҳам берди. Мўлжал бўйича автобусга эртароқ чиқишмоқчи эди. Бироқ Нуриддинни ўрнидан турғазиш анча қийин