Келиннома. Рахима Шомансурова. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Рахима Шомансурова
Издательство: Kitobxon
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-07-578-8
Скачать книгу
Буни айниқса «бир жойга» борганингизда, яъни янги, узоқ ҳаётингизда унутманг. Тунд, «ичимдагини топ» қабилида иш тутадиган келин ҳеч кимга ёқмайди. Иноқ, бир-бирига меҳрли оилаларда ҳар қандай мураккаб муаммолар ҳам биргаликда осонликча ҳал этилади.

      Атрофингиздагилардан олган яхши энергетика – ижобий қувват сизга умр бўйи ҳаёт синовларидан ўтишда, дўст танлашда, маданиятли муомала қилишда, ўзингиздаги жаҳолатни жиловлашда асқотади.

      ЎША «БИР ЖОЙ» – ҚАЛЪАНГИЗ!

      Бўйингиз етиб, чиройингиз очила боргани сари тез-тез бувингиз, онангиздан «бир жойга борадиган қиз» эканлигингиз ҳақида, бунинг учун тайёрланиш кераклиги ҳақида тобора кўпроқ эшитаяпсиз-а? Баъзида индамай ишингизни қилишда давом этасиз. Баъзида эса «Уф-ф! «Бир жой», «бир жой» деяверасизлар! Ўша «бир жой» ҳам жонимга тегди!» дейсиз.

      Шошилманг, қизим! Ўша «бир жой» – сизнинг бўлажак қалъангиз. Ўша жойда яшашга кўникмани ҳозирдан оласиз. Катталарнинг куйиниши – сизнинг «ўша жойда» қийналмай илдиз олишингиз истагидандир.

      Бизни аёл қилиб яратганда Оллоҳнинг ўзи қалбимизга нене эркаклар ҳам қойил қоладиган қаноат, сабр, бардош, итоатни жо қилганини билишингизни, шунга бўйсунишингизни истайди улар. Келинг, шу ҳақида бироз суҳбатлашайлик.

      Қани, ўзингиз ўйлаб кўринг-чи: куёвларни бир кеча бўлса ҳам қайинотасиникида ётиб қолишга мажбур қилиб бўлармикин? Шундай меҳрибон адангиз ҳам тоғаларингиз тўйида роса хизмат қиладилар-у, ётиб қолишга келганда секин, ҳеч кимга билдирмай уларга деб солиб қўйилган қават-қават юмшоқ кўрпачаларни («Куёвларни пайғамбарлар сийлаган») ҳам ҳайрон қолдириб, уйга жўнаб қоладилар-а?

      Қаранг-а, икки соатгина бўлса ҳам мизғиб олиш учун шаҳарнинг нариги чеккасидаги ўз уйларига келиб, ўз ўринларида ётадилар. Баъзида ойингиз буни катта одамнинг ўжарлигига йўядилар:

      – Мен бир умр сизнинг уйингизда яшаб келаяпман-ку, сиз отамникига бир тунга сиғмайсизми? – дейдилар.

      Ойингизнинг койишлари адангизнинг бемаҳалда ёлғиз юришларидан хавотирланганларидан. Аслида эса улар адангизнинг ўз ўринларини қўмсаб кетганларидан севинадилар. Ишонмасангиз ўзларидан сўранг. Адангиз ҳам кўпинча ойингизнинг койишларига кулиб:

      – Аёлларга худо тўзим берсин! Сизга Оллоҳ қирқта жон берган! – дейдилар-а?

      Ў, қизим-а! Қаранг, қиз бола нарса «бир жой»га аслини олганда илдизини кўчириб, бир умрга, яна ғурурли бошини эгиб кириб боради-я! Оллоҳ қалбига солган бир дунё сабр-бардош билан бу илдизнинг «ўша жой»да жон олишини, барқ уришини кутади!

      Эркаклар-ку қайнотасиникида парқу кўрпаларда ётгиси келмайди. Қизлар бўлса «бир жой»нинг тақир шолчасига-ю, бору йўғига, оби-ёвғонига қаноатланиб, чидаб, кўникиб кетади. Оллоҳ бизларни шундай яратган-да! Пешонамизга шу қисмат битилган. Бувингиз, ойингиз аслида сизга шуларни сингдиришмоқчи.

      Дугоналарингиз ичида бу қисматга кўнмаганлар, кўникмаганлар ҳам бордир. Улар беш-ўн йил кейинги ўз