Айрим келинларга бошқаларнинг уйида пишган ош тотлироқ, дугоналарининг эри чиройлироқ, топағонроқ кўринади. Бошқалар кийган кийим бадавлатлик рамзи бўлиб туюлади. Улар ҳа деса уйларига, оналари олдига ёки акалари олдига югуриб, ўз бахтсизликларидан шикоят қиладилар, «яхши жойга» тушмаганларидан нолийверадилар.
Бу – қиз болалик даврида уларнинг «бир жойга» боришга яхши тайёрланмаганининг оқибати. Агар она бўлмиш қизининг гапига берилиб, қизишса, кейинини ўйламай иш тутса, ҳеч ҳайрон қоларлик жойи йўқ – бундайлар қизининг «бир жойда» илдиз олиб, палак отишга эмас, ҳаммадан устун бўлишликка тайёрлаганлар.
«Ерни сув бузади, қизни – онаси», деган мақол бежиз эмас. Қиз бола келин бўлгач, анча қийналади, қоқилади-суқилади.
Қизини узатган онага ҳам осонмас. Лекин қизи шикоят билан келганда уни обдон эшитиб, оғир бўлишни тайинлаши, «турмушнинг мушти», «гулнинг тикони» борлигини тушунтириши керак. Юк кўтарган ютади, деб бежиз айтишмаган. Тушган жойининг пасти-баландига ўзи тушуниб етмай туриб, чор атрофга шикоят қиладиган келинлар аввало қудалар ўртасига совуқчилик туширадилар, яъни ўз қалъаларининг пойдеворига шикаст етказадилар. Қарабсизки, ўз бахтлари аста-секин нураб бораверади.
Келин ўз бахтини, лозим бўлганда ҳимояни тушган жойидан ахтариши керак, дейди доно халқимиз. Нечоғли ҳикмат кўп бу гапда! Бахтини ўз уйидан тополмаган аёл уни кенг оламдан ҳам топа олмайди. Ўз юрагингга сиғмаган ҳасрат ўзганинг кўксига ҳам сиғмайди. Ўзига керакли ҳимояни ўз уйидан тополмаган, ўз яқинларига ишониб, суяна олмаган аёл бу ҳимояни, бу суянчни кенг жаҳондан ҳам топа олмайди.
Ҳар кимнинг уйи жонажон қалъасидир. Ўша бувингиз айтмоқчи «бир жой» сизнинг бўлажак қалъангиз. Унга муҳаббатингиз ҳозирдан илдиз отмоғи керак.
НОЗИК МАСАЛА (Қизи бор оналарга)
Айтишларича, биринчи қовушув кечаси қизларнинг онасини дард тутармиш… Худодан сизга паноҳ тилайман! Бизни аёл қилиб яратган Оллоҳнинг ўзи қалбимизга қирқ туяга юк бўларлик қаноат, сабр-бардош, меҳр ва муҳаббат, итоат жо қилганини эслатиб ўтмоқчимиз. Кучни шу эслатишдан оласиз, дея умид қиламиз. Зеро, бизгача шундай бўлиб келган, биздан сўнг ҳам шундай бўлиб қолади, иншоаллоҳ!
Кеча, қизингиз тўйи кунида Тангри ато этган шу куч қадамларингизни дадил қилди. Қуръони карим ва ҳадиси шарифда балоғатга етган қизни тенгини топиб эрга бериш ота-онанинг буюк бурчи, қилган ва қилажак савобларининг энг каттаси экани ҳақида қалбингизни тўлқинлантирадиган гапларни ўқиганда шу кунлар ҳақида орзу қилмаганмидингиз ахир?! Шунинг учун ҳам кеча қизингизнинг катта бўлиб қолганига, балоғатга етганига, эшигингиз зулфини қизингизга харидор совчилар узиб, остонангизни едирганига, уйингиз шипини карнай-сурнай навоси, куёвингиз жўраларининг қийқириғи титратганига ва яна кўп, жуда кўп нарсаларга ҳароратли нафасингиз билан Яратгувчига шукр айта-айта нозик