«Келиннинг қадами қутлуғ келсин!» – дея дуо қилишади кексалар. Ҳали келин – сиз кирмасингизданоқ хонадон гўё файзли-фариштали пардага ўралади. Бу руҳиятни синдирманг, қизим!
Қутлуғ қадам! Қайноналар бу дуодаги қутлуғ қадамда бундан кейин айтар сўзларини, кўрар кўзларини, дилларидаги армонларини, юрмаган йўлларининг рўёсини кўргандек бўлиб энтикадилар. Улар умидига қанот бўлинг, қизим!
Сингиллар бу қутлуғ қадам ила ўзларига ибрат келаётганидан севинадилар. Севинчларини оқлаш – сиздан, қизим!
Биринчи қадам, биринчи учрашувлар, биринчи тилаклар, биринчи орзуларнинг самимийлиги, эзгулиги келинларга дастлабки масъулиятли даврда қувват беради, қадамларини қутлуғ қилади.
Ўзбекларда турмушга чиққан қиз борки, келинликнинг нозик даврини албатта бошидан кечиради. Ҳатто ота ва онаси бўлмаган, ҳеч кими йўқ йигитга турмушга чиққан қиз ҳам маҳаллага, куёвнинг ишхонасидагиларга, дўстларига – келин!
Азалдан оила бор. Лекин келинликнинг муайян бир номаси йўқ. Ҳар бир қиз ўз пешонасига битилган бахтни ўзи маҳкам ушлаб қолиши керак. Сиз ҳам бахтингизни маҳкам ушлашга ўрганинг, қизим. Бунда момолар, оналар, янгалар ўгити, ибрати сизга кўмак бўлсин. Ҳатто бугун онангизнинг бегона аёлларга яшнаб пешвоз чиқишларида ҳам бир сабоқ бор: қизнинг онаси очиқ чеҳрали, меҳмондўст, кенг феълли аёл эканини намоён қилдилар. Кўпинча қизлар оналарига ўхшайдилар. Совчиларда яхши таассуротни онангиз аввало сиз учун, сизни деб қолдирдилар. Негаки…
Қизи вояга етаётган она борки, кўнглининг бир чеккасида ҳамиша эзгу ниятлар яшайди. У аввало бўлажак куёвининг қизига муносиб, бир умрга вафоли, қизини қадрлайдиган бўлишини орзу қилади. Шу билан бирга, ўз қизининг ҳам куёв бўлмишга садоқатли, меҳр-муҳаббатли, ҳурмат-иззатини жойига қўядиган, вафоли ёр, келин бўлиб борган хонадонининг саранжом-сариштали, чаққон, пазанда бекаси бўлишини умид қилади. Онангиз ҳам шу умид кучи билан сизни тарбиялаб келганлар.
Бир китобда қизини унаштирган онанинг уни ёнига чақириб ана шу умидлари кучи билан қизига шундай насиҳат қилганини ўқигандим. Буни сиз ҳам қулоғингизга олинг, қизим!
«Севимли қизим, тез кунлар ичида бизнинг қўлимиздан кетиб, чет одамга ёр ва умрлик йўлдош бўласан. Сенга бахтсаодат тиловчи онанг томонидан берилган ушбу насиҳатларни тингла, шу насиҳатларга имконинг борича амал қил.
Эринг ўзига йўлдош, шодлик ва қайғули кунларида бирга шодланувчи ва қайғурувчи ўртоқ бўлишингни умид этиб, сени танлади. У ҳар вақт «Шукр, мақсадим ҳосил бўлди», деб севиниб, сўзлаб юрсин ва сендан рози бўлсин.
Тез кунлар ичида уй бекаси бўласан. Эътиборга олишинг лозим бўлган нарсалар бор: эрингнинг яқин кишиларини, хусусан, қайнота ва қайнонангни ҳурмат қил, уларни ўз отанг ва онанг қаторида кўр, болаларини ака-ука, опа-сингилларинг ҳукмида ҳисоб қил. Қайнотанг ва қайнонангнинг насиҳатларини яхши тинглаб, уларга амал эт. Оила аъзоларининг хулқ