Ҳозир ўқимаган қизнинг ўзи йўқ. Бўлмаганда ўрта маълумотга эгасиз. Демак, сизга ортиқча гапнинг ҳам ҳожати йўқ. Англаб етишингиз керак бўлган биринчи нарса етти келиннинг қайнонаси бўлган Фармон кампир айтмоқчи ҳар бир оиланинг ўз аъмоли, ўз қоидаси, ўз «ҳукумати», ўз йўриғининг бўлишидир. Сиз бораётган оиланинг қонун-қоидаси қай бир жиҳатлари биландир сиз ўсган оиланикига ўхшамаслиги мумкин. Ижодкорлик, ташаббускорлик кўрсатаман деб, зинҳор тезоблик билан у ерда ўзингиз ўрганган қоидаларни сингдиришга ҳаракат қилманг. Аввалам бор сиз биттасиз, демак озчиликсиз, у ердаги тартибга ўрганиб, итоат этиб келаётганлар – кўпчилик. Озчилик доим кўпчиликка ён босиб келади. Иккинчидан, сиз энди қўшилдингиз бу оилага. Ундаги тартиб-қоидалар эса азалдан бор. Сиз сингдирмоқчи бўлган тартиблар яхшилик бўлса ҳам, барибир – янгилик. Янгилик эса муайян синовдан сўнг сингишади ҳамиша. Ана шу синов даврида сизга тоқат берсин худо! Айрим дугоналарингизга ўхшаб «характеримиз келишмади» хулосасини байроқ қилиб олманг. Бунга ҳамиша улгуриш мумкин.
Келин ўз оиласида ҳукумат бошлиғи бўлмаса ҳам, лекин яхшигина дипломат бўлиши шарт. Ҳукуматимиз бошлиқлари не-не давлатларга боришмайди, дунёнинг манаман деган нене подшоҳлари билан учрашишмайди, дейсиз. Юртимизга келаётганларнинг асти чеки йўқ. Эътибор беринг-а, бир-бирига қарама-қарши давлат кишилари сўзлашиб туришса ҳам, табассум билан сўзлашадилар, қўл сиқишиб, таъзим қилишадилар. Нега? Негаки одил ва ақлли ҳукумат бошлиқларининг кўзлагани – ер юзида тинчликни сақлаб қолиш, одамлар ҳаётини фаровон қилиш. Ана шу катта мақсад деб ҳар нарсага тайёр туришади…
Оила ҳам кичкина ҳукумат, деган гапни кўп эшитгансиз. Кўпчиликнинг кўзи, жамоатнинг фикри ҳар бир оилани имтиҳондан ўтказади. Имтиҳон берувчи кўпинча аёл киши бўлади. Оилада осойишталик сақлаш, бахтли, фаровон ҳаёт қуриш учун аёл киши катта ҳукумат бошлиқларидек зукко бўлиши керак. Аввало ҳаётнинг шоҳ масала-мақсадини аниқ англаб етиши керак.
Шоҳ масала-мақсаднинг бири – аёл, қизнинг ўз умр йўлдошига муҳаббати. Бу муҳаббат бўлмаса ва у гуллаб, муаттар ҳидини атрофга таратиб турмаса, оила қоғоздан ясалган гулга, яъни сунъий гулга ўхшаб қолади. Оилада бўлиб турадиган йўқчиликни енгувчи қудрат ҳам шу муҳаббатда. Шу муҳаббат бўлмаса, кўнгил ҳувиллагани бир сари, бошқаларнинг кўнглини ҳам гармсел уриши ҳеч гап эмас. Муҳаббатнинг чироғи қаршингизда, қалбингизда ёниб турса, ҳамма қийинчиликларни енгиб ўтасиз. Кийган чит кўйлагингиз ҳам шоҳидан аъло туйилиб, кўзингизни қувнатади. Агар шу муҳаббат юрагингизда ниш олмаган бўлса, борган жойингизни гул қилиш у ёқда турсин, нақ гулзор ўртасига («Борган жойинг гул бўлсин!» дуоси ижобат бўлиб) тушсангиз ҳам уни тезда қуритасиз. Аёл кишининг аввало эрига, уй-жойига, оила аъзоларига, фарзандларига меҳри бўлиши керак. Бу – ҳаётнинг