Борди-ю оила тузук бўлмаса, тарбияга ҳам эътибор берилмаса, қанча буюк бўлса ҳам бундай миллат дунёда узоқ яшай олмаслигини донишмандлар кўп таъкидлашган: «Миллатлар шарафини юқори мартабага кўтарадиган нарса миллионлар ила саналадиган аскарлар-у, дунёда энг буюк ва зўр бўлган кемалар эмас, балки энг оз эътибор берадиганимиз ё бўлмаса ҳеч бир замон эътибор бермасдан келадиганимиз – оиладир. Оила низомсиз бўлса, унинг ёмон оқибати бутун миллатга таъсир этади ва шу сабабдан фазилат ерига разолат, тараққиёт ўрнига тубанлик негиз қуради… Агар бир миллатга бундай ҳол рўбару келса, у миллат китобининг сўнгги варағи очилади…»
Шунинг учун ҳам ҳамма асрларда, ҳамма халқ ва миллатларда дунёнинг буюк олим ва фузалолари, таниқли адиблари умрларининг қимматли соатларини оилани яратиш, уни барқарорлаштириш, инсонни энг ноёб фароғатдан баҳраманд қилиш бахтига муяссар этиш устида бош қотириб ўтказадилар.
Авлодлар бардавомлиги оиладан, дедик. Бу унинг бирламчи вазифаси, дедик. Бу масалага ҳам қизлар (айримлари) анча юза қарашаётгандек кўринади.
Даврлар ўзгариши билан оиланинг мақсад ва вазифалари ҳам ўзгариб, тобора такомиллашиб боради.
Турмушни иқтисодий ташкил этувчи уюшма сифатида оила ибтидоий даврдан мавжуд бўлиб келган. Айнан шунинг ўзида у даврда оиланинг мақсад ва вазифалари тугаган эди. Ҳозирчи?
Уй, оила деганда фақат уй-жой, мол-мулк, мебелларни тушуниш керак эмаслигини таъкидлаб ўтиш керак. Буларнинг ҳаммаси оиланинг ҳаёт кечириши учун зарур воситаларгина холос. Зинҳор мақсади ва вазифаси эмас. Оиланинг энг муҳим вазифаси авлодлар бардавомлигини таъминлаш экани ҳақида юқорида сўзлаб ўтдик. Оила эркак ва аёлнинг эр-хотинлигини, оталиги ва оналигини, болалар тарбиясини таъминловчи муҳим даргоҳ. Бунда ҳам оқила момоларимиз аёллар зиммасига жуда катта вазифалар қўйишган.
«Фарзанд – пайванд» дейди доно халқимиз. Дарҳақиқат, боласиз оилалар омонат бўлади. Бола ҳам уйни, ҳам кўнгилни тўлдиради. Шукрларнинг энг улуғи фарзандлик бўлгандаги шукроналикдир. Ота-онанинг фарзандга, фарзанднинг отаонага жавоб меҳрини элимизда табиатнинг инсонга бахшида этган энг олий неъмати деб баҳолайдилар. «Бу дунёнинг зийнати. Кўрсатганига шукр!» деб фахрланадилар.
Авлодлар занжирини ўз зурриёди билан улаш фахри билан бирга, оила соҳибларида бу зурриёднинг ҳар томонлама комил ва солиҳ инсон бўлиши учун ғамхўрлик қилиш туйғуси ҳам пайдо бўлади. Бу башарият олдидаги ўз бурч ва вазифаларини тўғри тушунганлик аломатидир.
Оила барқарорлиги, фарзанднинг ҳам ота, ҳам она меҳридан қониб қўш қанотли бўлиб ўсиши учун ўзини, борлиғини, лозим бўлса мансаби, илмдаги мавқеи, соғлиғидан кечиш фақат аёлларга хос қурбонлик. Бу фидойиликни хокисорлик ва камтаринлик билан фақат аёллар қила олишади. Эрга қараб: «Мен