Шу пайт ҳовлида қандайдир шарпа эшитилдию Ҳилола чўчиб тушди, шоша-пиша кафти орқаси билан кўзларини артиб, эшик томон йўналди: “Наҳотки яна маст? Наҳотки яна терговлар, тазйиқлар бошланади?..”.
Эшик тиқиллади. Йўқ, у эмас. У эшикни тепиб, тарақлатиб очганча кириб келади, кейин дағдағалар…
– Келин, яхши ўтирибсизми? – эшик қия очилиб, қайнанасининг эзгин, хомуш ҳамда ташвишли нигоҳи кўринди. – Ҳали келмадими, жувонмарг?
Ҳилола кўзларини юмганча бош тебратди.
– Юринг, бизаминан ётақолинг.
Ҳилола яна индамай бош тебратди. Бу таклифга кўнолмаслигини ҳам қайнанаси яхши билади. Кўнгил учун шундай дейилганини ҳам Ҳилола сезади. Ҳеч қачон ёлғиз ётишга ўрганмаган оиланинг эрка қизи бундай кунлар бошига тушишини, тунларни қўрқув остида ўтказишини – тақдир ўйинларини қаёқдан ҳам билсин?
– Хай, сизминан ўтириб турай…– кампир бир қадам ичкари босди.
– Йў-йўқ, ойижон, балога қоласиз. Бориб, дамингизни олаверинг, – деди Ҳилола. Аслида у шу топда ёлғиз қолишни жуда истар эди. Бу гапдан кейин қайнанаси ортга буриларкан:
– Ҳали қачон келади, Худо билади, – деди. – Ётиб ухлайверинг. Маст бўлиб келса, бизани уйга чопинг, эшикни очиқ қолдираман.
Шарпа тингач, Ҳилола яна ўз тўшагига маъюсгина чўкди. Салдан кейин лабларидан сўзлар сирғалиб чиқаверди:
– Эй, қудратли осмон, беғубор фаришталар, менинг нидоларимга ўрин беринглар, уларга завол еткизмай, келажак яхши одамларига етказинглар.
У самодан жавоб кутган каби бир нафас жимиб, қулоқ тутди. Аммо ҳеч қандай сас эшитилмади, би-рор белги ҳам берилмади. Шунга қарамай, Ҳилола бўшлиққа тикилган кўйи секин сўзлай кетди:
– Мен, Ҳилола Одил қизи, етти ўғил, уч қиздан кейин туғилган, онам Шамсия бону айтганларидай, халта қоқди – аҳмоқ, гўл бир аёлман. Бахти қаро десам, тўғри бўлар.
– А? Бахти қаро? – дегандай бўлди кимдир. Буни Ҳилоланинг ўзи айтдими ё шамол гувиллаб, ундан сўрадими, ўзи ҳам пайқамади. – Жуда ошириб юбормадингми? Бахти қаролик жуда ёмон…
– Билмадим, ўзим шундай ҳисоблайман. Буни учун мени тўла эшитиш зарур.
– Қани, эшитайлик…
– Ҳозир вазиятим қалтис, жуда қалтис, ҳатто қўрқинчли.
– Манаман деган етти аканг, обрў-эътиборли опалару поччаларинг бўлсаю нимадан қўрқасан?
– Ҳамма гап шунда-да… Ёлғиз бўлганимда эҳтимол қўрқмасдим.
– Аввал уринганингдай, ўз жонингга қасд қилардингми?
– Йўқ, энди сираям ундай қилолмийман… – Ҳилола қорнини силаб қўйди. – Биза энди икки кишимиз. Ўзимдан ҳам унинг жони ҳар нарсадан азиз. У борлигини сездириб тураркан, ўлишни хаёлимгаям келтирмийман.
– У алкашнинг, қорадори қулининг боласи…
Ҳилола сесканиб кетди:
– Йў-йўқ, у менинг болам,