– Менимча бунга зарурат бўлмаса керак.
– Нега? Улар икки юз киши бўлиб келишар эмиш.
– Йигитларга шундай топшириқ берасан, хожаларнинг бирортаси менинг ижозатимсиз кетиб қолмаслиги керак.
– Барча топшириғингиз бажарилади.
– Сенга рухсат, менга Шоҳруҳбийни чақириб қўйинглар.
***
– Йўлбарс билан бўлган олишувдаги жасурлигингни эшитдим, – деди у ўғлига меҳр билан тикилиб. – Анчагина қалтис ҳаракат қилибсан.
– Бундай жасорат кўрсатишни сиздан ўрганганман.
– Катталардан кўп нарса ўрганиш жуда яхши фазилат, лекин ҳар қандай ҳолатда ҳаётингни хавф-хатарга қўйиб ҳаракат қилма.
– Келажакда бунга эътибор бераман.
– Бир йиртқични омон сақлайман деб жуда қалтис иш қилибсан. Агар озгина адашиб қолганингда йўлбарс сени авайлаб ўлтирмас эди.
– Йўлбарслар одамларга ноўрин тажовуз қилишмайди деган эдингиз…
– Тўғри, шундай деганман. Сен ҳам уларга ноўрин тажовуз қилма дейман, лекин ҳужумга учрасанг ҳар қандай йўл билан ўзингни ҳимоя қилишга ҳақлисан.
Шоҳруҳ отасининг ўгитларини сўзсиз бажарар, ана шу сифати билан унинг чинакам меҳрини қозонган эди. Шунинг учун бу бироз қизариб отасига тикилганича индамай қулоқ соларди.
– Ўғлим, бугун мени ҳар қачонгидан ҳам диққат билан тинглагин. Бизлар хон авлодидан эканимизни ҳар доим эслаб юрмоғинг лозим. Сени келажакда улкан ишлар кутмоқда, бундай ишларни фақат жасурлик билангина бажариб бўлмайди. Сен бошқалардан кўра уқувли, билимли, бардошли ва сезгир бўлмоғинг лозим. Кишиларнинг кўнглидан нелар ўтаётганини гапирмасларидан аввалроқ билишинг, дўст билан душманни, хушомад билан самимийликни ҳамма ерда фаҳмламоғинг лозим. Эҳтимол сен яқин кунлар ичида ўлкамизнинг ҳукмрони бўларсан. Ҳукмрон бўлиш эса ўта масъулият, ўта нозик ва хавфли вазифа. Ана шулар ҳақида ўйлаб кўрганмисан?
– Бу масалалар хусусида чуқур бир билимга эга эмасман.
– Бухоро Амирлигига тобе эканлигимизни яхши биласан. Амир бизларни гўё ўгай фарзандидек кўради. Юртимизни қўрқувда ушлаб туриш учун мутаассиб руҳонийлар, риёкор хушомадгўйлардан усталик билан фойдаланади. Жаҳолат ва илмсизликнинг авж олиши учун айни муддаодир. Шундай гўзал ўлка, шундай истеъдодли миллат ривожланмаётганининг сабаби шунда. Минг уруғи теварак-атрофдаги музофотлар ичида энг улкан, энг аҳил эл. Шу сабабдан мустақил бир салтанат тузиш йўлидаги энг улкан, энг қийин вазифа бизнинг зиммамизда бўлади. Бу йўлдаги тўсиқларнинг барчасини биз ҳали билмаймиз, лекин бир нарса равшан. Халқ амирнинг зулмидан, бизларнинг камситилишимиздан тўйган, учқун чиқса бас, у алангага айланади. Амир бизга бўлган ҳукмронликни хожалар қўли билан бажаришига сабаб шуки, юртимиздан олинаётган даромаднинг бир қисмига уларни шерик қилиб қўйган. Чумолидек увол бўлган бу кишилар бизларга ҳукмрон бўлганликларидан қувониб амирга садоқат билан хизмат қиладилар. Биз бу дастгоҳни яқин ўртада синдириб ташлаймиз, янгисини