ФАРҒОНА ВОДИЙСИ
Тоғлар орасида жойлашган водий. Тянь-шань, Ҳисор, Олой тоғ тизмалари билан ўралган. Водий Ўрта Осиёдаги аҳолиси энг зич жойлашган ўлка. Андижон, Наманган, Ўш, Жалолобод, Марғилон водийнинг энг қадимий шаҳарларидан ҳисобланади. Ғарбда ва Шимолий Ғарбда Қўқон, Хўжанд, Конибодом, Ўратепа (Истрафшон) шаҳарлари жойлашган. Жаннатмакон бу ўлканинг табиати ранг-баранг, ерлари серҳосил, оқар сойлар ва боғу роғлардан ташкил топган. Аҳолиси ҳам табиатига монанд хилма-хил бўлиб, ўзбеклар, қирғизлар, тожиклардан иборат. Бундан ташқари неча хил элатлар ва миллатлар ёнма-ён, қўни-қўшни бўлиб яшаб келганлар. Қўқон шаҳри атрофи бир неча йирик қишлоқ ва туманлар билан ўралган бўлиб, бу ерда илм-фан, маърифат, ҳунармандчилик яхши ривожланган эди. Водий Бухоро Амирлигига расман тобе бўлса-да, ўлпон тўлашдан бошқа масалаларда мустақил ва эркин бўлиб, аҳолининг савияси, маданияти, жанговорлиги бошқа ўлкалардан юқори эди. Водийда оқар сувлар (Норин, Қорадарё, Сўх, Исфара, Шоҳимардонсой, Ғовасой, Чодаксой) кўп. Айниқса ер ости сувлари янада сероб. Водийнинг эрксевар, жасур одамлари учун Бухоро Амирлигига бўлган тобелик ёқмас, йирик шаҳарлар тобеликдан юз ўгириб мустақил иш юритишлари натижасида зиддиятлар келиб чиқар, гоҳо исён чиқиб катта хунрезликларни келтириб чиқарар эди. Қўқон шаҳарлар ичида ўзининг кўпгина хусусиятлари билан ажралиб туради. Фарғона водийсининг ғарбий қисмида Сўх дарёсининг қуйи оқимида жойлашган. Этимологияси ҳақида турли фикрлар мавжуд. Кўпгина манбаларда «Ҳавоканд» яъни «гўзал», «ёқимли» ёки шамол шаҳри маъносида учрайди. Қадимги Қўқон Ҳиндистон ва Хитой карвон йўлида жойлашган бўлиб, муғуллар истилоси даврида вайрон қилинган. XIV-асрга келиб Қўқон янгидан қаддини тиклади. Гўзал шаҳарлар қаторидан жой олиб ўзининг илгариги мавқеини тиклаб олди.
ШОҲРУҲХОН (БИРИНЧИ ХОН)
Ҳукмрон энг аввало ўз миллатининг энг меҳрибон кишиси бўлиши билан бирга уларнинг шифокори, ўзидан воз кечган фидоийси бўлиши лозим.
Айтишларича, жангда мағлуб бўлиб чекиниб келаётган Бобур ва жангчилари Қўқон шари чеккасидан ўтаётиб сой бўйида андак дам оладилар, жўнашларидан аввал, зарли либосларга ўралиб олтин бешикка бойланган бир болани ташлаб кетадилар. Бу воқеадан ўша мавзеда истиқомат қилувчи «Чанкат», «Сарой» ва «Тарғова» гуруҳи вакиллари огоҳ бўладилар. Ул уч тоифа халқ болани эъзоз-икром билан олиб ўз жойларига қайтибдилар. Қуръа ташлаш йўли билан болани «тарғова» жамоаси, жавоҳирлар ва олтин бешикни «сарой» ва «чанкат» жамоалари бўлишиб олибдилар. Боланинг номини Олтин бешик қўйибдилар. Олтин бешикнинг шажараси қуйидагидан иборат. Султон