26 Аҳиллик бор жойда нафақат душман, ҳатто шайтон ҳам бош тиқа олмайди, дейишади. Аҳиллик йўқолган жой харобазорга айланиб душманга ем бўлиши аниқ. Айни чоғда мамлакатда аҳиллик йўқолиб, бир мақсад йўлида бирлашиш ўрнига тожу тахт талашишлар, ҳар бир воқеадан ўз манфаати йўлида фойдаланиш каби иллатлар ривожланиб борар, бу душман учун айни муддао эди. Бундай ожизликдан усталик билан фойдаланиш натижасида Алимқулнинг кучи қирқила бошлади. Кўпгина одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб душман томонга ўтиб кетарди. Алимқул бу кўргиликни қаттиққўллик билан тўхтатиш чорасини кўра бошлади, оғиб кетганларни ушлаб ўлимга ҳукм қилар, баъзиларини замбаракнинг оғзига боғлаб отишар, қилич билан чопиб ташлашар, бу чоралар эса акс таъсир кўрсатар, аламзадалар сафи ортиб душман томонга ўтиб кетишарди.
***
Ёш бўлишига қарамай Убайдулла оиланинг иқтисодий носозлигини ҳис қилар, шунинг учун мутоаладан бўшаган вақтларини отасига қарашиш билан ўтказар эди. Ўқиш ва амалий ишни бирга олиб бориш ўзининг натижаларини бера бошлади. У аста-секин анчагина пухта шеърлар ёза бошлади, отасининг ҳунари маҳсидўзликни ҳам ўзлаштириб олди. Кучдан қола бошлаган отаси учун бу қувонарли воқеа бўлиб, айниқса ота-боланинг ёнма-ён ўтириб меҳнат қилишлари, жуда ёқимли суҳбатлари эса ундан ҳам қизиқарли ўтар эди. Отасининг илми йўқлиги учун ўғлига кўпроқ савол берар, шоирларнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида қизиқар, худди шогирднинг устозига қилгандек муносабатда бўларди. Убайдулланинг жавоблари аниқ ва ишончли эканлиги билан ҳайратланарли эди.
– Ўғлим, ҳазрати Навоийнинг “Ҳамса” асарини ўқиб чиқдингизми?
– Бу асар жуда улкан, ҳозирчалик уни ўқиб тугатмаганман, лекин анча-мунча танишман.
– Илм йўли машаққатли бўлади, сиз жуда кўп мутолаа қилмоғингиз лозим.
– Мен ҳам шу фикрдаман дада, ҳали жуда кўп меҳнат қилишимга тўғри келади.
– Баракалла, фикрларингиз анчагина етилиб қолибди. Яна бир гапим шуки, устозларингиз қатори атрофингиздаги ўртоқларингизга ҳам эътиборли бўлинг. Уларнинг ичидан ҳали олиму фозиллар етишиб чиқади. Кишиларга меҳр кўрсатиш билан бирга ҳалол яшишни мақсад қилиб олинг.
– Айтганларингизни албатта бажараман дадажон.
– Ундай бўлса сиздан кўнглим тўқ. Ўқишни давом эттириш ҳақидаги таклифимни ўйлаб кўрдингизми?
– Ўйлашга ўйладим-у, лекин озгина…
– Нима озгина, – деди ота хавотир олиб. – Ўқигингиз йўқми?
– Ўқишни жуда-жуда хоҳлайману, лекин менсиз ёлғизланиб қоласиз деб қўрқаман, қолаверса меҳнат қилиб рўзғор ишларига қарашиб туришим лозим.
– Ундай деманг, мени авайлайман деб ўқишни чала қилсангиз хафа бўламан. Шунча