– Илоҳо айтганингиз келсин. Ҳали замон келиб қолади, сизни жуда соғиниб юрган эди. Роса қувонади.
– Ундай бўлса кутаман.
– Худо хоҳласа бу болангиздан кўп нарса кўрасиз.
– Илоҳо айтганингиз бўлсин.
– Нимаси биландир бошқа болалардан ажралиб туради-да.
– Устозлари ҳам шундай дейишмоқда, жуда қобилиятли эмиш.
– Фикрлашлари худди катта одамлардек, гоҳо сўзингизга шеър айтиб жавоб беради. Бу боладан шоир чиқиши аниқ.
– Ўзи ҳам тинмай мутолаа қилади. Яхшиям шу овунчоғимиз бор, йўқса… – у енги билан нурсиз кўзларини артиб, йиғлаб юборди.
– Йиғламанг опажон, йиғламанг. Ҳар иш Худодан, балки барча орзу-ҳавасларингизни шу ўғлингиздан кўрарсиз.
– Айтганингиз келсин, поччангизни ҳам менга ўхшаб ичи тўкилиб адо бўлган.
– Ҳали қувончли кунлар ҳам келади опажон. Худо ўзи меҳрибон.
Поччаси Муҳаммад Солиҳнинг кириб келиши суҳбатни бўлиб юборди.
– Келганингизни одамлардан эшитиб, оёғимни қўлимга олиб келяпманда. Саломат бормисиз? – деди у сўрашиш учун қучоқ очиб.
– Худога минг қатла шукр, ўзингиз бардаммисиз?
– Зап келибсизда.
– Шу денг почча Убайдуллахонни оҳанграбоси борми, тез-тез кўргим келиб қолади.
– Жуда яхшида, биз ҳам сизни соғиниб қоламиз. Жиянингиз катта йигитча бўлиб қолган, ўқишлари ҳам аъло.
– Опамдан эшитиб жуда қувондим, умри узоқ бўлсин.
***
Ҳар бир фуқарода фидоийлик масъулияти бўлиши шарт, акс ҳолда у миллатнинг вакили эмас.
Вужудимизга чуқур қулоқ оссак, унинг қаърида шайтоннинг макони мавжудлигини сеза бошлаймиз. У билан мунозарага киришиш учун доноликни эгаллаш лозимлигини англаб борамиз, биз донолашган сари даставвал қудратли паҳлавоннамо шайтон аста-секин ожизланиб боради, баркамоллик даражасига кўтарила олсак, у мутлақо бизнинг қулимизга айланади, акс ҳолда биз унинг қули бўлиб умримизни ўтказамиз.
Ўрта Осиё хонликлари ўзларининг ички зиддиятларига кўмилиб ётганларига қарамай, ўзаро жанг қилишар, шундоқ ҳам ожизланиб қолган хонликлар чўкаётган тешик кема мисоли эди. Қўқон Бухоро билан, Бухоро Хива билан тинимсиз урушлар қилар эди. Ана шундай нодонликлар етмаганидек, мамлакат ичкарисида ҳар хил миллат ва элатлар бир-бирларининг гўштларини ейишга ташна бўлиб қипчоқ билан ўзбек, ўзбек билан қирғиз бир-бирларини савалашар эди. Барча қилинаётган нодонликлар мисоли буюртмадек, рус армиясининг бостириб келиши учун қулайликлар яратар эди. Ана шундай бир даврда бир неча асрлардан буён тайёргарлик кўрган рус империясининг жангчилари жанговар юришларни аллақачон бошлаб юборган. Европа давлатлари аро жангларда катта тажриба орттирган, замонавий қуроллар билан қуролланган рус аскарлари Тошкентни қамал қилишган, тошкентликлар ўз она шаҳарларини мардларча ҳимоя қилардилар, ёрдам кучи сўраб Қўқон, Бухоро хонликларига мурожаат қилган эдилар, ёрдам эса етиб