Мени бўйдоқлар оламидан Ҳабибахон қутқариб қолди. У ҳам институтдан кейин ишга шўнғиб кетибди– ю, эрга тегишга вақти бўлмабди. Қараса, дугоналари шўрпешона йигитларнинг бахтини битта – битта очиб кетаётганмиш. Ҳабибахон ҳам, ке, жамият олдидаги бурчимни бажарай, дебди–ю, менга тегиб олибди. Шундоқ қилиб, бизникида ҳам “келин” сўзи ишлатиладиган бўлиб қолди.
Бурунги замонда “келиннинг оёғидан” деган гап бўларди. Менимча бу гап эскирди. Энди уни “куёвнинг оёғидан” деб ўзгартириш керак. Нега дейсизми? Мана, қулоқ солинг. Менга тегмасдан олдин Ҳабибахон бир лойиҳа институтида шунчаки инженер экан. Ҳовлимиздаги тўйқозонлар совимасдан лип этиб бўлим бошлиғи бўлиб олди. Яна олти ойдан кейин директорнинг биқинига кириб, ёрдамчисиман, деб ўтирибди. Шу кетиши бўлса, бир–икки йилда директорнинг ўрнини ҳам эгаллашдан тоймасди–ю, билмай ҳалақит бериб қўйдим. “Ассалому алейкум!” деб ўғлим Ҳикматилло туғилди.
Ўғлим деворга суянмай, алпанг–талпанг юра бошлаган кезлар эди. Бир куни хоним оқ балиқдай ўйноқлаб кириб келдилар. Пальтосини ечиб отиб юборди– ю, тўғри келиб бўйнимга осилди. Ҳикматилло туғилгандан бери онда– сонда бўлмаса, хотин мени ўпмай қўйган эди. Нуқул боласини ялаб–юлқайверарди. Бу сафар соғ жойим қолмади. Юз–кўзим аралаш чўлпиллатиб ўпаверди…
– Ҳўв, бўлди, хотин, саккизинчи мартга узоқ! – дедим ғашим келиб.
Ҳабибахон икки қўлимдан маҳкам ушлади. Никоҳ кечасидагидек кўзларимга ажиб бир меҳр билан тикилди.
– Мени табрикланг, адаси! – деди энтикиб. Институтга бош инженер бўлдим!
Диванга шилқ этиб ўтириб қолдим.
– Мени қўяверинг, ҳеч бўлмаса анави норасидани ўйламайсизми? – бир бурчакда чўнқайиб ўтирган Ҳикматиллони кўрсатдим. – Алла айтишни энди ўрганувдим, колготкани қандоқ юваман?
– Ташвиш тортманг, – деди хоним,– Ўзим телефонда маслаҳат бериб тураман.
Хотин пинжимга кириб, суйкалди.
– Нима қилай, адаси, вазиримиз қўймади. Тажрибангиз бор, беш– олти йил ишлаб берасиз, деб туриб олди. Ҳикматиллони яслига берамиз. Ҳа, айтганча, мен сизга ажойиб бир нарса олиб келдим.
Хоним ирғиб туриб, “Ажойиб нарса”ни кўрсатди. “Уй бекаларига маслаҳат” деган китоб экан. Энсам қотиб варақладим. Биринчи бетда менга ўхшаган рангпаргина йигит боласига шишадан сут эмизиб турибди. Тагига: “Аёлларни эҳтиёт қилинг!” деб ёзиб қўйилибди. Китобни отиб юбордим.
Шундай қилиб бир йилча бош инженернинг эри бўлиб юрдим. Кейин… даҳшатли воқеа юз берди. Хотин лоп этди– ю, кўтарилиб кетди. Яна денг, жой қуригандай, келиб– келиб мен ишлайдиган институтга директор бўлди. Сочимни чангаллаб қолавердим.
Кечқурун Ҳикматиллони ухлатиб қўйиб, хотин билан дўстона, самимий суҳбат ўтказдик. Аризам тайёр эди, тап эткизиб олдига ташладим.
– Мана, ўртоқ директор, қўл қўйсинлар, мен ишдан бўшадим!
Хотин аризани ўқиб кулди.
– Нима бўлди, Роҳатилло ака?
– Мен сиз билан ишлашни хоҳламайман, тамом!
– Мен ҳам қўл қўёлмайман, – деди хотин керилиб. – Биринчидан, бунақа нарсаларни