Бу йигитлар бир нима устидан бас ўйнашганини пайқадим. Мирсодиқ шофёрига им қоқди. У шипиллаб бир уйга кириб кетдию анчадан кейин катта темир қафас кўтариб чиқди. Темир қафасда тожиси шапалоқдай келадиган қизил – қўнғир, семиз хўроз ғўдайиб турарди.
– Мана шу хўрозни тутасиз, – деди Мирсодиқ, – тутиб сўясиз. Патини юлиб берсангиз, бўлди, орамиз очиқ. Тушундингиз – а?
Бош силкидим. Чиллашир йигит яна чийиллади:
– Тутолмайди, тутолмайди, мана кўрасиз…
Бақалоқ унга ўқрайиб қараб қўйди:
– Тутолмаса, ўрнига сени сўйиб, табака қиламиз.
– Ва – а! Мен ориқман, бир чимдим ҳам этим йўқ!
– Оч! – деб буюрди Мирсодиқ. Шофёр қафасни очди. Бабақ хўроз сакраб чиқдию ҳовлининг тўридаги гулзорга қараб йўрғалади. Мен ортидан эргашдим. Хўроз менга ўгирилиб қаради ва лип этиб, бир туп қалин гулнинг ичига кириб кетди. Мен нариги тарафга ўтиб кутиб турдим. Чиқавермагач, гулзорни титкилай бошладим. Шу пайт хўроз «қа – қағ!» дедию ирғиб чиқиб қочди. Мен қувдим. У учиб бориб, бир пастак дарахтга қўнди. Мен бир – бир босиб яқинлашдим. «Туту! Туту!» деб қўлимни чўзиб боравердим. Дарахтга етиб энди ушлайин деганимда хўроз «қу – қу – қув!» деб по-тирлаб учдию ўн қадамча нарига бориб тушди. «қани, қўлингдан келса, тутиб ол», дегандек ҳовуз ёнида менга қараб турибди. Ўзимча уни алдамоқчи бўлдим. Ерга ўтирдим. Хўроз у ёқ – бу ёққа аланглаганда туфлимни ечиб, ялангоёқ бўлиб олдим. Сакраб туриб, сиртлондай унга ташландим. Хўроз қақағлаганча лапанглаб қочди, мен ер чангаллаб қолавердим. Йигитлар гуриллаб кулишди. Чамаси, Мирсодиқ билан чиллашир йигитнинг тили бир шекилли, иккови кўпроқ хурсанд эди.
Ярим соатча хўроз қувиб, ҳолдан тойдим. Тилим осилиб қолди. Лаънати хўроз эса, ҳаланчакнинг тепасига чиқиб, менга қараб ўтирибди. У ер баланд, камида беш метр келади. Ерга энгашдим, ёлғондан кесак олиб, отган бўлдим. Хўроз парво қилмади. У менга ўхшаган ёлланма кишиларнинг қуруқ пўписасини кўп кўрган шекилли, атрофига мағрур боқиб, бироз ўтирдию тўғри ҳовузга қараб учди. Изма – из югурдим. У нариги тарафга ўтиб, қараб турди. Мен айланиб ўтганимча яна ортига парвоз қилди. Нима қилсам экан – а бу ярамасни? Наҳот шу паррандани тутолмай мана бу олифта йигитларга кулги бўлиб қолаверсам?
Оғзим қақраб кетди. Водопроводдан сув ичиб бир четга ўтирдим. Хўроз ҳам сал нарида намойишкорона гердайиб юрибди. У тескари бурилганда ирғиб туриб ташландим. У «қа – қа – қа!» деб жон ҳолатда қочдию бир тиканли бутанинг остига кириб олди. Энгашиб пойлаб турдим. Унинг катта тожи кўринди. қўл чўзган эдим, ортига тисарилди. Мен ҳам таваккал қилиб бутага бош суқдим. Хўроз вағиллаб бетимга чанг солдию, қўлимни чўқиб, биқинимдан ўтиб кетди. Ҳам бутанинг тиконига, ҳам безори хўрознинг тирноғига тирналиб қолавердим.
Яна бирор соат хўроз қувиб кўрдим. Бироқ унинг битта патига ҳам қўлим етмади. Буни кўриб, хўрознинг чапдастлигию менинг ношудлигимга тан бердими, Мирсодиқ олдимга келди.
– Бугун ишингиз юришмади, домла, – деди илжайиб, – хоҳласангиз биз билан