– Бировни тунаб келаяпсанми, Манзур, қуллуқ бўлсин!
– Худди тўйдан чиққан куёвга ўхшайсан– а?
– Ростдан ҳам куёв бўлдим, – дедим ва кундузги саргузаштимни айтиб бердим. Йигитлар дарров шишаларни очди. Тўйхонада уялиб туз тотмаган эдим, қазиқарталарга ҳужум бошладик.
Эрталаб саҳар турдиму янги либосларимни бир халтага солиб, Юнусободдаги буюм бозорига қараб зинғилладим. Қанчага олса, сотаман. Сотиб, пулини уйга юбораман. Қишлоқда ёлғиз онам билан икки синглим йўлимга кўз тикиб ўтиришибди. Улар бир суюниб қолишсин.
МЕНИНГ ХЎРОЗ ҚУВГАНИМ
Йигирма йил мактабда ишладим. Қарасам ёшим ўтиб боряпти. Ўғлим эр етиб, қизим бўй етиб, невара кўрадиган бўлиб қолибман. Ҳаракатимни қилмасам бўлмайди. Бир куни кўзимни чирт юмиб, ариза ёздим. Сур – сур билан аранг мактабдан бўшаб олдим. Бўшашга бўшадиму энди нима қилишга ҳайронман. Муаллимликдан бошқа ҳунарим йўқ. Лекин билагимда кучим бор. Меҳнатдан қочмайман. Ўйлаб – ўйлаб, катта шаҳарга жўнадим. Темир йўл вокзалининг ёнидан ижарага арзон – гаров бир уй топиб олдим. Ўзимга ўхшаган учта бекорхўжа бор экан, мен тўртинчиси бўлдим. Азим шаҳар, барибир азим шаҳар – да. Бу ерда бировнинг юкини бозордан олиб чиқиб берсангиз ҳам беш – ўн танга ишлайсиз. Эринмасангиз, ўзингизни тарозга солмай инсоф қилсангиз бўлди, насибангиз топилаверар экан. Бир – икки кун ҳар кимнинг ҳожатини чиқариб, тирикчилик қилиб юрдим. Кейин ҳамхоналаримнинг маслаҳати билан мен ҳам 2 – МБга аъзо бўлдим. Марказий мардикорлар бозорини улар ўзларича шунақа дер эканлар.
Тонг саҳар турамиз. Енгил хўрак қилиб, йўлга тушамиз. 2 – МБ шаҳарнинг қоқ марказида. Бу бозорнинг бригадири бор. У кунига азонда шефнинг ҳақини йиғиб кутиб туради. Шеф келади, сафимизга назар солади.
– Кечагидан кўпми одаминг? – деб бригадирга дўқ қилади. Кейин четроққа чиқиб бизнинг садақамизни оладию суякка тўйган бойтеватдек думини қисиб кетади. Бизлар ёнимизда тўхтаган машинага умидвор бўлиб қараймиз, зора биронта одам тушиб, кучимизни ижарага олса, деб кутамиз.
Ниҳоят, менинг ҳам омадим келди. Тушга яқин шундоққина тумшуғимда катта қора машина тўхтади. Ундан ёз бўлса – да, ялтироқ кастюм – шим кийган бўйдор бир йигит тушди. У тўғри бизга қараб юрди. Ҳамма дувиллаб олға югуради. Бир – бирини итариб – суриб, бақиради:
– Нима ишингиз бор, ака, ест қиламиз!
– Ҳамма нарса қўлимдан келади! Савдолашмайман, мени олинг…
Мен қимирламай туравердим. Бояги йигит қий – чув қилаётганларга қиё боқмади. Сочимнинг оқини ҳурмат қилдими, тикка менга қараб юрди. Яқинлаб келдию, бармоғини илмоқ қилиб чақирди. Секин олдига бордим.
– Машинага чиқинг! – деди буйруқ оҳангида. Беихтиёр юрдим. У индамай орқа ўриндиққа чиқиб ўтирди, менга негадир шофёрнинг ёнидан жой кўрсатди. Кетдик.
Йўлга тушгач сўради:
– Бир кунингизга неча сўм оласиз?
– Юмушнинг оғир – енгиллигига қараб – да, – дедим, – икки минг, уч минг. қандай ишингиз бор эди?
– Хўроз