Келиннома. Рахима Шомансурова. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Рахима Шомансурова
Издательство: Kitobxon
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-07-578-8
Скачать книгу
Буни кўзгудан эшитмасангиз ҳам кўча-кўйда ортингиздан қараб қолганларини сезасиз. Бу гапни ҳеч ким тили билан айтмаган бўлса ҳам, кўзларидаги чўғни сезиб турасиз. Бу сизга қувват беради, одимингиз шўхроқ, кулгингиз жилғалар оҳангини олади. Кишилар ичида шоиртабиати кўп бўлади. Шулар тилидан бирдамас-бирда бу сифатни очиқ-ошкор эшитганингизда ҳам ҳавойиланиб кетманг.

      Яратган чиройда кам қилмаган айрим тенгдошларингизнинг ўринли-ўринсиз ўз ҳуснини кўз-кўз қилиши атрофдагиларнинг ғашини келтиради. Худди шуларга ўхшаб, аксинча хунукман деб, ҳадеб изтироб чекаверадиган, буни ошкор кўрсатишга уринадиганлар ҳам кишида ачиниш уйғотади. Сизнинг ёшингиздагиларнинг кўпи ачинишни ҳақорат билан тенг кўрадилар. Демак, ачиниш туйғусини уйғотишни истаганлар ҳам тез назардан қоладилар.

      Дунёда мутлақ гўзал бўлмаганидек, мутлақ хунук аёл ҳам бўлмаслигига кўп ўтмай, ўзингиз ҳам амин бўласиз. Ҳар бир аёл ўзича чиройлилигига, лекин ҳар бир аёл боридан кўра чиройлироқ кўринишга уринишига ўзингиз ҳам ишонч ҳосил қиласиз. Қизларни кўпинча гулга қиёс қилишади. Ҳар бир гулнинг эса ўз таровати бор.

      Гўзаллик мезонига келсак, фикрлар, қарашлар шундай турли-туманки, бошингиз айланиб кетиши турган гап. Яхшиси, ҳар бир аёл ўзича чиройли, лекин ҳар бир аёл яна ҳам чиройли бўлишга интилади, деган фикрда қарор топайлик.

      Лекин сиз ҳамон кўзгу олдидан кетмаяпсиз. Бунинг боиси, балки кийган кийимингизнинг ўзингизга ярашган ёки ярашмаганини билмоқчидирсиз? Энди катта қиз бўлиб қолдингиз. Кўзгуга тикилишдан мақсад, фақат қадду қомат, қошу кўз, қўлу оёқни кўриш эмаслигини сиз энди яхши биласиз. Кийинишда ўз жозибангиз, ўз йўлингиз, ўз усулингизни кашф қиладиган даврга келганингизни ҳис қилаяпсиз. Кийинишда ҳам «йўл», «услуб» бўлиши сизни бироз чўчитаяптими?

      Оддийроқ қилиб айта қолайлик. Қайси кийимларда ўзингизни эркин ҳис қилаяпсиз? Қайси либосларингизда юрганингизда, юқорида айтганимиздек, орқангиздан сездириб-сездирмай яхши қараб қолишаётганини сезаяпсиз? Ҳамма кийимларда яхши юраман дейсизми? Ҳаммасида ҳам маъқул қарашни сезаман дейсизми? Унда – кийимларингиз буюрсин! Ўйнаб-ўйнаб кияверинг! Демак, сиз ўз «йўл» ва «услубингизни» топиб олибсиз ёки тўғри йўлдасиз.

      Айрим қизларга ўхшаб бошламасида билиб-билмай мода кетидан кўр-кўрона қувиб кетиш яхшимас. Мода осмондан тушмайди. Модага эргашилмайди, негаки мода ҳар даврнинг ички зарурий талабига кўра кашф қилинади. Баъзи пайтлар эски киноларни кўрганда ёки бувингизнинг ёшликдаги суратларини кўздан кечираётганда бувингизнинг моданинг олдида бўлганларига ҳавасингиз келгандир? Бу ҳам моданинг осмондан тушмаслигига далил. Яна бир нарсага диққат қилинг: модага кўр-кўрона эргашиш анча давлатманд аёлларни ҳам хонавайрон қилиши мумкин, лекин ўша аёлнинг ўзлигини заррача бўлса ҳам намоён этмайди. Ҳа, ҳайрон бўлманг, кийим ҳам кишининг ички дунёсини ошкор қиладиган энг аниқ восита ҳисобланади.

      Ўз кийиниш услубингизни танлаб олгунча, қадду