Бағишлаб жонни, жононга жўнатди…
840 Аё мард, бўлса бизга иштиёқинг,
Аёллардин ўқи севги сабоғинг.
Аёлдин кам эсанг ёки муханнас,
Келиб, шу қиссани ҳам тингла бирпас…
БИР АЛАВИЙ, БИР ОЛИМ, БИР МУХАННАС
Алавий бирла олим, ҳам муханнас40
Юриб Рум сори йўлда эрдилар, бас.
Уларни тутди кофирлар баногоҳ,
Кейин бут олдига судраб ҳамоно,
Дедилар: бутга сажда айлангиз бот,
Йўқ эрса, оқибатни ўйлангиз бот.
845 Йўқ эрса, қонингиз алҳол тўкармиз,
Таҳаммул этмайин, дарҳол тўкармиз.
Дедилар уч ғариб: этманг ёмонлик,
Берингиз бизга бир оқшом омонлик.
Ки шояд ўйласак, андиша қилсак,
Ажаб йўқ, бутпарастлик пеша қилсак…
Омонлик бердилар бир кеча куффор,
Кўрайлик, дедилар, не бунда асрор.
Алавий очди сўз: мен найлагаймен,
Белимга балки зуннор бойлагаймен.
850 Ки жаддим эрди пири аҳли тоат41,
Менга ул тонг-ла этгайдир шафоат…
Очиб лаб сўзга олим дедики, мен
Тану жондин жудолик истамасмен.
Сиғинсам бутга, чун бош урсам унга,
Шафоат айлагай дин илми менга.
Муханнас дедиким, ёлғизмен энди,
Суянчим йўқ, шафоатсизмен энди.
Сиз айланг саждалар, сизда шафодир,
Вале мен сажда этсам, нораводир.
855 Бошимни кессалар шамдек, не боким?
Ки эгсам, эгмасам, келгай ҳалоким.
Бошимни олсалар ҳам неча бебош,
Ўшал бут олдида индирмагум бош…
Чу жонни ўйлади ул иккиси тек,
Муханнас мард бўлиб чиқди бунингдек.
Синов пайти кўрингким бул ажаб иш,
Муханнас этди эрликни намойиш.
Чу Қорун ҳам гадо бу йўлда, дерлар,
Чумолидин паноҳ излайди шерлар.
860 Муханнасдин эсанг ёр ишқида кам,
Бу йўлда хорсен қумурсқадин ҳам…
СУЛАЙМОН АЛАЙҲИССАЛОМ ВА ЧУМОЛИ ҲИКОЯТИ
Сулаймон йўл босади ел мисоли
Баногоҳ учради бир тўп чумоли.
Этиб таъзим бари бош эгди шул дам,
Магар бир зумда минглаб бўлдилар жам.
Ва лекин биттаси иш бирла машғул
Бўлиб, таъзимга бош индирмади ул.
Ини олдида дўнг, бир тепа эрди,
Ташиб бир-бир, битирсам дўнгни, дерди.
865 Сулаймон деди чорлаб: эй чумоли,
Заифсен, қудратинг йўқ фил мисоли.
Агар Нуҳ умри бирлан сабри Айюб
Муяссар бўлса ҳам, бўлмас ишинг хўб.
Бу мушкул сен кабиларнинг ишимас,
Кучингдин бу тепа бир ёққа жилмас…
Чумоли лаб очиб, дедики, эй шоҳ,
Бу йўлда раҳнамун ҳимматдир, илло,
Ҳақир боқма ниҳоду фитнатимга,
Назар сол бу камоли ниятимга.
870 Бу ерда бир чумоли ақлим олмиш,
Олиб ақлим, мени домига