Чумоли қўл-оёқ силкирди нолон,
Али кўрди ва бўлди кўнгли вайрон.
Чумоли ҳолидин қайғуга тушди,
Агарчи шер эди, қўрқувга тушди.
У йиғлаб-сиқтади тургаймикин деб,
Мадад берди, яна юргаймикин деб…
Шу кеча тушда кўрди Мустафони,
Али, тез юрма йўлда, бу хатони.
885 Сен этдинг, деди, барча ғамда бўлди,
Самолар икки кун мотамда бўлди…
Наҳотки йўл юришликни унутдинг,
Чумолини босиб, озурда этдинг.
Чумоли эрди-ку йўлида қоим,
Худо эрди унинг зикрида доим…
Алининг жисми тушди титрамоққа,
Чумоли важҳидин тушди тузоққа
Паямбар дедики, ғам чекма, албат,
Чумолининг ўзи этгай шафоат.
890 Дегай: ё Рабки, Ҳайдарда гуноҳ йўқ,
Уни айбларга менда ранжу оҳ йўқ…
Йигит, кўргил, бу бори дарди диндир,
Чумоли бўйла, шери Ҳақ чуниндир.
Аликим дин аро арслон эмишди,
Чумоли важҳидин не ҳолга тушди.
Хабар топгайди Ҳақдин дам-бадам ул,
Худо номи-ла босгайди қадам ул.
Сен эрсанг, ғафлат ичра, жаҳл аро сен,
Агарчи шоҳ эрурсен, лек гадосен.
895 Назар сол, сўнгра қўйгил ул қадамни,
Назарсиз бу жаҳонда чекма дамни.
Назарсиз йўл босиш бу бағрихунлик,
Йўлинг сўнггида келгай сарнигунлик..
Эшакдек кўр-кўрона юрмагил сен,
Шу ҳолда ўзгадин афзалмудирсен?
Қадамни бос санаб, эй мард сиёқли,
Заминдин то само ҳар не саноқли.
Қадам боссанг агар беамру фармон,
Келур дард сенга, бўлмас унга дармон.
900 Чу бунда йўл босиб, ўлтирмоғинг йўқ,
Қабрда бир жаҳон йўл юрмоғинг йўқ.
Бу ёқда бир нафас юрсанг-чи, эй қул,
У ёқда юз жаҳондин ошмоғинг ул.
Бу ёқда бир нафас суръат этарсен,
У ёқда юзта оламга етарсен.
Бу ёқда гар қадамни ташласанг пок,
У ёқда бўлмагайсен дардли, ғамнок.
Дариғо, кўз юмарсен чин юмушдин,
Агар билсанг, қўл узмас эрдинг ишдин.
905 Бугун бир бор қадам қуйсанг-чи, албат,
Берар сенга мукофотингни ҳазрат.
Чунончи фойда етгай сенга ҳар дам,
Нечун танбаллик этгайсен, зиён ҳам?
НЎШИРАВОНИ ОДИЛ ВА КЕКСА БОҒБОН ҲИКОЯТИ
Суриб Нўширавон отини хушҳол
Бораркан, учради бир мўйсафид чол.
Дарахт экиш ила машғул эди ул,
Деди Нўширавон: эй ишга машғул,
Дарахт экмоқдасен, улмунча сабринг,
Етарму мевасин тотмоққа умринг?
910 Деди чол: бу ақлдин холи эрмас,
Дарахт экди бировлар биз учун, бас.
Ки ермиз мевасин ҳар лаҳза, ҳар кун,
Не бўлғай, биз-да эксак бошқалар-чун.
Ҳар ишда бир маром бўлмоғи лозим,
Маромда интизом бўлмоғи лозим.
Басе хуш келди шоҳга не деди чол,
Узатди