Ва ҳар не қўйсалар олдига, ерди.
Биров кўрган эмасди эртами, кеч,
Бирор нарса ўғирлаб қочганин ҳеч.
1010 Ва лекин бир кеча сабр айламай то,
Ўмарди бир бўлак гўштни баногоҳ.
Тутиб ошпаз, қулоғин чўзди анча,
Уриб, ранжу алам етказди анча.
Мушук шайх олдига келмай ўшал кун,
Бориб, ўлтирди бир бурчакда маҳзун.
Чақирди шунда шайх ошпазни, сўрди,
Чу айтиб берди ул, аҳвол не эрди.
Мушукни ёнига шайх чорлади сўнг,
Ва сўрди: нега бундоқ айладинг сен?
1015 Мушук фош этди шунда не эди сир,
Бориб, уч боласин келтирди бир-бир.
Уларни қўйди шайх олдига шул дам,
Ўзи чиқди дарахт устига илдам.
Йироқ турди у ошпаз кўзидин чун,
Боқарди ҳар тараф чекмас эди ун.
Бу ҳолни кўрди, таҳлил айлади шайх,
Таажжуб этди, сўнгра сўйлади шайх:
Мушукнинг айби йўқ, у ноилождир,
Эмизгай уч гўдакни, қорни очдир.
1020 Эмасдир бовужуд тарки адаб бул,
Ки бўйла эҳтиёж унда, талаб ул.
Зарурат ичра гар қолса мақоминг,
Қабул бўлгай сенга ҳар не ҳароминг.
Магар ўргимчак, андин майда ҳайвон,
Олур фарзанди-чун шер оғзидин нон.
Дема: мушук иши андоқ ғарибдир,
Унинг наслига меҳри кўп ажибдир.
Боланг то юз очиб, зоҳирга келмас,
Унинг дарду ғами хотирга келмас.
1025 Кейин ошпазга шайх шундоқ демишдир:
Бу тилсиз, меҳрибон ҳайвон эмишдир.
Дарахтга чиқмиш ул, боқ бу ишига,
Пушаймонлар чекар ўз қилмишига…
Бошидин отди дасторини ошпаз,
Мушук олдида истиғфор этиб, бас,
Вале унга асар ҳам этмади бул,
Ва ошпазга назар ҳам этмади ул.
Ниҳоят шайх шафоат этди унга,
Чақирди, ул оғочдин тушди ерга.
1030 Келиб, тупроққа этди ўзни жо ул,
Бу янглиғ этди узру илтижо ул.
Ҳамма оҳ чекди, кўнгиллар ёришди,
Магар ўт чиқди, жонларга туташди.
Мушук боис чу ҳамроз бўлди барча,
Шукр айтиб, сарафроз бўлди барча.
Бировким бўлса бир фарзандга пайванд,
Не эрмиш эрса юз оламга пайванд?
Чу фарзанд дардидан осуда доим
Азизу поку беҳамто Худойим…
ТАРСО САВДОГАР ҲИКОЯТИ
1035 Бор эрди тожири тарсоки, пурсийм,
Бадавлат эрди ул, доройи иқлим.
Бор эрди ўғликим, эрди чунон ул,
Дема барно уни, шамъи жаҳон ул.
Бинафша – зулфи мушкафшони эрди,
Гули нозик – лаби хандони эрди.
Юзидин ул ниқоб олса муқаррар,
Кеча бўлгайди кундуздек мунаввар.
Ўриб гар сочу зулфин этса ошкор,
Ҳамма бойлар эди белига зуннор.
1040 Гажакди сочининг ҳар тори они,
Йўқ эрди тўғриликдин бир нишони.
Агарда бошласа мижгони ҳарба,
Тушарди икки олам узра зарба.
Камон