Илоҳийнома. Шайх Фаридуддин Аттор. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Шайх Фаридуддин Аттор
Издательство: Yangi asr avlodi
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-20-945-9
Скачать книгу
ҳушдин кетди сўнг андоқ чекиб ун,

      Ки денгиз бағрида қўзғалди тўлқин.

      Ва тўлқин бағридин юксалди оташ,

      Ёйилди денгиз узра ўт, балокаш.

      Туташди, кема аҳлин чирмаб олди,

      Ёқиб, ёндирди, боз оташга солди.

      620     Ҳамма кул бўлди бир зумда баҳарҳол,

      Ва лекин қолди боқий сарвату мол.

      Кейин ел эсди мунис, мушфиқона,

      Шаҳарга бўлди кема ул равона.

      Аёл сурди, супурди кемадин кул,

      Ва эркаклар либосин кийди буткул.

      Деди: ишқи балога учрамай боз,

      Юрай эркак каби бошим тутиб ғоз.

      Чиқиб халқ кўрдиким, бир кема шунда,

      Ва бир барно йигит бор эрди унда.

      625     Азим бир кемада ул эрди танҳо,

      Бисоти – бир жаҳон юк, молу ашё.

      У офтоб юзлидин халқ сўрдилар ҳол:

      Нечук ёлғиз ўзингда бул қадар мол?

      Деди: токи қошимга келмагай шоҳ,

      Бу сирдин этмагум ҳеч кимни огоҳ.

      Хабар етказдилар подшога: шул кез

      Етишди кемада бир кимса ёлғиз.

      Азим бир кема, унда беҳисоб мол,

      Йигит айтмас бировга, не эмиш ҳол?

      630     Таажжуб этди шоҳ, соҳилга тушди,

      Ўшал барно йигит бирлан кўришди.

      Унинг ҳолини сўрди шоҳи ҳушёр,

      Деди: бул кемада халқ эрди бисёр.

      Жамулжам йўлга тушдик, бетанаффус

      Сузиб, йўл босди кема кеча-кундуз.

      Ва кема аҳли мендек бенавога

      Солиб кўз, тушдилар ҳирсу ҳавога.

      Худога илтижо этдим ҳамоно,

      У шумлардин нажотим берди Оллоҳ.

      635     Чу оташ урди Ҳақ, битди қабоҳат,

      Улар кул бўлди, мен қолдим саломат.

      Мана, кўргил ўзинг, не ҳолу сирдир,

      Уларнинг жисми энди кул, кўмирдир.

      Менга ибрат етишди андин, асрор,

      Эмасмен молу дунёга харидор.

      Ҳамма молу бисотим ол, аё, сен,

      Вале бир ҳожатим этгил раво сен.

      Шу денгиз бўйида бир нурли маъбад

      Қуриб бергил менга, айлай ибодат.

      640     Буюргил, ҳар нечук яхши, ёмон кас

      Бошимга келмасин, турсин йироқ, бас.

      Худойимни куну тун ёд этай мен,

      Ва умрим борини шунда ўтай мен…

      Шаҳу лашкар эшитгач бу каломни

      Ва кўргач ул каромату мақомни,

      Этишди сидқи иймон бирла қуллуқ,

      Унинг ҳар ҳукмига жон бирла қуллуқ.

      Этишди унда бир маъбадни барпо,

      Кўриб, ул каъбами, дерсан, мабодо.

      645     Аёл бўлди ибодат бирла машғул,

      Мудом сабру қаноат бирла машғул.

      Ажал етди чу шаҳга, найза урди,

      У барча аҳли арконни чақирди.

      Дедиким, кўз юмиб кетсам жаҳондин,

      Жаҳон отлиғ бу турфа хонумондин,

      Анув зоҳид йигит ўрнимда турсин,

      Бўлиб шоҳ, амр ила фармонни берсин.

      Ки то осуда бўлсин эл, раият,

      Бажо айланг буни, этдим васият…

      650     Шу гапни айтдию жон таслим этди,

      Юриб йўқлик сари, мақсадга етди.

      Аёлнинг