Барида талъат эрди, дилраболиғ,
Бари бошин эгиб, шарму ҳаёлиғ.
Кутарди интизор ул барчаким, шоҳ
Ўзига кимни айлар ёри дилхоҳ?
Аёл кўрсатди ўзни ва деди: бас,
Аёлга подшолик жоиз эрмас.
665 Боринг, бу гапни эркакларга айтинг,
Бу юкни ортмасинлар менга, айтинг.
Аёллар ҳайрат ичра қайтдилар то,
Улуғлар бўлдилар бу гапдин огоҳ.
Бу гапни ким эшитгай, кимки дерди,
Ҳамма ҳайрон қолиб, ҳайратда эрди.
Аёлга бир аёлни йўллашиб боз,
Дедилар: эй валиаҳди сарафроз,
Бировни танла, бизга подшо қил,
Йўқ эрса, бизга подшолик бажо қил.
670 Бировни этди шоҳ, чун эрди мақбул,
Ўзи бўлди ибодат бирла машғул.
Бировни шоҳ этиб илки-ла лекин
Ўзи бир чўзмади сарватга илкин…
Сен эрсанг, эй ўғил, нон деб баякбор
Жаҳонни осту уст этмоққа тайёр.
Аёл бир боқмади давлат учун-да,
Бу янглиғ борми бир эрлар ичинда?
Жаҳонга кетди овоза фалон деб,
Ки пайдо бўлди бир соҳибқирон деб.
675 Дуоси мустажобдир, бўйла кас йўқ,
Ки эрлар ичра унга ҳамнафас йўқ.
Касалларга саломатлик етишгай,
Фалажлар тикка тургай, йўлга тушгай.
Жаҳонда бўйлаким овоза бўлди,
Таралди номи, беандоза бўлди.
Аёлнинг эри алҳол қайтди ҳаждин,
Вале ному нишон йўқ эрди андин.
Уйини кўрди ул бир йўла вайрон,
Иниси кўр эди, дилхаста, гирён.
680 Фалаж бўлмиш эди унда оёқ, қўл,
Тўшакка михланиб қолмиш эди ул.
Етиб унга аёлнинг изтироби,
Уни тутмиш эди дўзах азоби.
Ағоси ҳаққидин ўт ичра жони,
Ёнарди ҳар нафас эт, устухони.
Ағоси сўрди ундан ўз аёлин,
Иниси бўйла англатди заволин:
Зино қилди сипоҳий бирла чандон,
Гувоҳлик берди бунга неча инсон.
685 Уни сангсор этингиз, деди қози,
Эшитганлар ҳукмдин бўлди рози.
У сангсор ичра кетди хору нолон,
У ўлди, сен омонсен, айла шукрон…
Эшитди чун суханни марди маҳжур,
Бу ҳижрону аламдин бўлди ранжур.
Ва урди ўзни, йиғлаб ғамга ботди,
Тутиб бир гўшани, мотамга ботди.
Инисин кўрди чун пажмурдаву зор,
Тилидин ўзга ҳар аъзоси абгор.
690 Деди унга: аё бедасту бепой36,
Эшитдим, манзили эрмиш фалон жой.
Аёл чиқмиш, мисоли офтобмиш,
Дами ўткир, дуоси мустажобмиш.
Неча кўрлар етиб кўзу қароққа,
Фалажлар ул сабаб турмиш оёққа.
Гар истарсен, сени этгаймен унга,
Ки шояд офиятлар етса сенга…
Иниси бўлди шод, деди: шитоб эт,
Туганди сабру бардошим, мени элт.
695 Ағоси ортди эшакка ҳамона,
Икковлон бўлдилар йўлга равона.
Етишди