Хотинлар шоша-пиша ўринларидан туришди. Роҳила холанинг қарғиши остида апил-тапил пальтоларини эгнига илганича, юз-қўлларини ҳам ювмай кўчага отилишди.
– Ҳой ифлослар! Юз-қўлингни ювиб ол! Кўчада сен ювуқсизларнинг юзингга кўзи тушганлар касрингга учрамасин! – қичқирди Роҳила хола орқадан. Турғунбой эса ўрнидан турди, шошилмай юз-қўлини ювди, тартибсиз дастурхонни Роҳила хола билан биргаликда йиғиштирди. Уйни тартибга келтириб, кейин бешикка яқинлашди:
– Болам-о-о, болам-о-о! – деб овоз чиқарди.
Йиғи овозига бир зумда уй-ҳовли одамга тўлди. Шу пайт Саодат кўзини очиб, яна қайтадан ҳушидан кетган эди. Қабристондан қайтгач, барча уй-уйига тарқалганда Роҳила опа дўхтир чақирди. Дўхтир Саодатнинг томирини кўрди, укол қилди. Кейин нафас олишини эшитмоқчи бўлиб кўйлагини кўтарган эди, баданига тошган қизил доначаларни кўрди ва:
– Қизамиқ. Иссиқ сақланглар, бу ҳам қурбон бўлмасин, – деди қатъий.
– Дўхтиржон, мен бир қўшниман, холос, ишга кетсам ҳолидан ким хабар олади? Опаси касалхонада. Онаси узоқ шаҳарда, хабари ҳам йўқ у бояқишнинг. Сиздан илтимос, анча соғайиб қолган опасини уйига юборинглар. Бировнинг боласи ҳам увол бўлмасин, – деди ялиниб.
– Бу киши-чи? Кими бўлади унга, – деди кўзойнак устидан Турғунбойга тикилиб доктор.
– Биз давлат ишидаги одаммиз, қандай қилиб уйда бола боқиб ўтирамиз, бирор иложини қилинг энди, ўртоқ дўхтир, – деди Турғунбой хушомад қилиб. Дўхтир индамади. Роҳила опага дори-дармонларни буюрди-да, тез чиқиб кетди. Эртасига тушларда эса тол новдасидай, озиб чўп бўлиб кетган Моҳира эшикдан кириб келди…
Ғалаба, соғинч ёшлари
Моҳира касалхонадан чиқди-ю уйдаги фожиадан гангиб қолди. Куну тун йиғидан бўшамади. Ниҳоят, беҳад қуйилган кўзёшлари ғам-ғуссаларни бир оз ювиб юбордими ёки қўни-қўшнисининг насиҳати, ўгити дармон бўлдими, йиғини тўхтатди. Энди Саодат ҳам соғайиб, қайтадан оёққа тураётган эди. Уни онасига топшириш пайига тушиб қолди.
Иши ўнгидан келиб, қўшниси Роҳила хола ўша тумандаги бир қариндошиникига борадиган ва Саодатни ҳам бирга олиб кетадиган бўлди. Моҳира Саодатга укасининг ўлими-ю ўзининг бетоблигини онасига зинҳор айтмаслигини тайинлади ва севимли ҳамдардини она бағрига жўнатиб юборди.
…Қишлоққа деярли ҳар куни фронтга кетганлар қайтар, бирор тун йўқки, бирор хонадонда хушнуд ҳамқишлоқлар йиғилиб жангномаларни тингламаса. Бу йиғилишларга Холида опа ҳам кичик Саодатни етаклаб борар, “Менинг дадам қачон келади?” деб тинчлик бермайдиган Саодатни жилла бўлсин юпатиб келишни истарди. Зийрак қиз фронтчилар ҳикоясини охиригача тинглаб ўтирар, аммо уйга келгандан сўнг “Нега ҳамманинг дадаси келади-ю менинг дадам келмайдилар”, деб онаизорни хуноб қилар эди.
Бир куни жамоа бошқаруви махсус вакилларни ажратди ва қишлоққа қайтиб келаётган бир гуруҳ жангчиларни кутиб олиш учун станцияга чиқарди.