АЖИБ ЯНГИ ДУНЁ. Олдос Ҳаксли. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Олдос Ҳаксли
Издательство: Asaxiy books
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-23-192-4
Скачать книгу
унинг ёрдамида одам хулқидаги нозик фарқларни, мураккаброқ хулқни шакллантириб бўлмайди. Бунинг учун сўз керак, ақлга асосланмаган сўзлар. Қисқаси, гипнопедия – айни муддао.

      – Барча замонларда энг буюк ахлоқий ва жамият ҳаётига тайёрловчи куч.

      Бу сўзларни талабалар ақлли оғиздан чиқиши билан тўғридан-тўғри ён дафтарларига ёзиб қўйишди.

      Раҳбар яна овоз кучайтиргични ёқди.

      “… жуда ақлли, – сокин, айёрона ва тинмас овоз янгради. – Бета эканимдан жуда мамнунман, чунки…”

      Бу сўзлар бамисли томчи каби эди, ахир сув бўлсада, тинимсиз томиб турган томчи энг мустаҳкам тош – гранитни ҳам тешишга қодир; ёки тўғрироғи, муҳр муми каби томарди улар. Кейин бу томчилар ўша тош бутунлай қирмизи мум қотишмасига айлангунига қадар ёпишиб, унга сингиб борарди.

      – Боланинг бутун онги ана шу уқтиришлар билан тўлгач, у шу уқтиришларнинг йиғиндисига айланиб қолади. Нафақат боланинг, балки катталарнинг онги ҳам бир умрга шу тарзда колади. Муҳокама, хоҳиш ва қарорларга жавобгар мия ана фақат шу уқтиришлардан иборат бўлади. Биз нимани уқтирсак, ўша!.. – Раҳбар тантанавор руҳда хитоб қилди, сўнг столга қўли билан муштлади. – Давлат сингдирган! Ва шундай экан…

      Шу пайт кутилмаган ғала-ғовур уни ортга қайрилишга мажбур қилди.

      – Ё Фордим! – авзойи бузилиб деди у. – Ана бўлмасам, болаларни уйғотиб юбордик…

      3

      Ташқарида, боғда, ўйин вақти эди. Жазирама июнь қуёши остида олти-етти юз чоғли яланғоч болачалар ва қизалоқлар майсазор узра шовқин солиб чопиб юрар, гуллаган буталар ораларида икки-учтадан тўпланиб, чўкка тушишганди. Атиргуллар ифори таралар, буталар орасида икки булбул сайрар, бу оҳангни жўка дарахтлари орасидан эшитилаётган какку қушнинг кукулаши бузарди. Ҳавода эса арилар ва вертопланларнинг мудроқ ғўнғиллаши сузиб юрарди.

      Раҳбар ва талабалар бир муддат болаларнинг марказдан қочирма тўп ўйинини томоша қилиб турдилар. Йигирмата бола хромланган пўлатли минора атрофида, доира шаклида тўпланганди. Миноранинг устки саҳнига отилган тўп унинг ичкарисига, катта тезликда айланаётган диск устига тушади. Шундан сўнг тўп цилиндр шаклидаги миноранинг кўплаб тешикларидан бири орқали ташқарига куч билан отилади, доира қуриб тизилган болалар эса уни илиб олиши керак.

      – Қизиқ, – деди бурилиб кетишаётганда Раҳбар баланд овозда. – Бу ҳақда ўйлашнинг ўзи қизиқ. Ҳатто раҳнамомиз Форд даврида ҳам аксар ўйинлар учун ҳали бирикки дона тўп ва, нари борса, бир нечта таёқ ё қандайдир тўрдан бўлак нарса керак бўлмаган. Истеъмолчиликни заррача ўстирмайдиган мураккаб ўйинларга изн бериш ақлданми? Турган-битгани аҳмоқлик-ку, бу! Эндиликда, мана, Нозирлар мавжуд ўйинларчалик мураккаб ва кўп қиррали бўлмаса, янги ўйинга рухсат бермайди…

      У бирдан сўзини ўзи бўлиб, қўли билан ишора қилди:

      – Бу мафтункор жуфтлик экан.

      Майсазорда, дарахтсимон арчагуллар орасидаги ўтўланлар ичида, икки болакай – етти ёшлар атрофидаги ўғил бола ва ундан бир ёшча каттароқ қиз бор диққатини жамлаган, кашфиётга