– Албатта, аксар ҳолларда насл қолдириш қобилияти ортиқча юк саналади, – деди жаноб Фостер. – Аслини олганда, мақсадимиз учун ҳар минг икки юз аёлдан бир дона насл тарқатувчи тухумдон тўла етарли бўларди. Аммо биз каттароқ танлов имкониятини хоҳлаймиз ва, албатта, насл қолдирувчи тухумдонларнинг фавқулодда ҳолатлар учун захирасига доим эҳтиёж бор. Шу боис, аёл жинсидаги ҳомилаларнинг ўттиз фоизи тўлақонли ривожланишига имкон берамиз. Қолганларига эса тасма йўналишининг ҳар йигирма тўртинчи метрида эркак жинсий гормони берилади. Оқибатда, тиқин очиладиган пайтгача улар хунасага айланиб бўлади. Ташқи кўриниш жиҳатидан барчаси расо аёллар бўлса-да (аммо уларнинг иягидан соқол ўсиб чиқиши мумкинлигини тан олиш лозим), ўзидан насл қолдира олмайди. Кафолатланган бепуштлик. Бу эса бизга, ниҳоят, табиатга шунчаки тақлид қилинадиган қуллик муҳитидан анчагина қизиқроқ бўлган инсоний кашфиётлар дунёси томон йўл очади.
У қўлларини бир-бирига ишқади. Албатта, улар шунчаки эмбрионни дунёга келтириш билангина қаноатланиб қолмайди, буни сигир ҳам қила олади.
– Бундан ташқари, ҳар бир эмбрионнинг келажагини аввалдан тайин қиламиз, мослаштирамиз ва шакл берамиз. Бизнинг ёшларимиз жамиятга қўшилишга тайёр ҳолда дунёга келади. Альфа ва эпсилонлар сифатида, канализация тизимларида ишловчи ё бўлғуси… – у “Дунёнинг бўлғуси бошқарувчилари” демоқчи эди, лекин гапини иссиғида тўғрилади: – … инкубаторийнинг бўлғуси раҳбарлари сифатида.
Раҳбар хушомад учун миннатдорона жилмайиб қўйди.
Нарироқда, 320 метрда, 11-тасма қаршисида тўхташди. У ерда ёш бета-манфий техник навбатдаги шишанинг қон ҳайдагичини бурагич ва калит ёрдамида созламоқда эди. У гайкаларни калит билан бураса, электромотор шовқини пасайиб, бир оз бўғиларди. Пастроқ, пастроқ… Калит сўнгги бор буралди, ҳисоблагичга кўз ташланди ва иш битди. Шундан сўнг у конвейер бўйлаб икки қадам ташларди-да, кейинги қон ҳайдагични созлашга киришарди.
– Дақиқасига айланишлар сонини камайтирдик, – тушунтирди жаноб Фостер. – Қон ўрнини босувчи суюқлик энди секинроқ айланяпти; шундай қилиб, унинг ўпкада бўлиши орасидаги вақт узаяди, демак, ҳомилага камроқ кислород етказиб беради. Ақлий-жисмоний қобилиятни ҳеч нарса кислород танқислигичалик сусайтира олмайди.
– Унинг даражаси нима учун сусайтирилади? – сўради бир содда талаба.
Оғир жимлик чўкди.
– Эшак!.. – сукунатни бузди Раҳбарнинг ғазабнок жавоби. – Шунга ҳам фаросатинг етмадими? Эпсилон ҳомила нафақат эпсилон ирсиятига эга бўлиши, балки эпсилон озуқавий муҳитида шаклланиши ҳам керак!
Бефаросат талаба хижолатдан ер ёрилмади-ю, ерга кириб кетмади.
– Табақаси қанча паст бўлса, шунча кам кислород юборилади. Унинг танқислиги,