АЖИБ ЯНГИ ДУНЁ. Олдос Ҳаксли. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Олдос Ҳаксли
Издательство: Asaxiy books
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-23-192-4
Скачать книгу
шундай дея, жуда ғаройиб бир воқеани айтиб берди. Форддан аввалги узоқ асрларда ва ҳатто ундан кейинги бир неча авлодларда ҳам, болаларнинг ишқий ўйинлари қандайдир ноодатий (талабалар орасида кулги кўтарилди) ва бу ҳам етмагандек, ахлоқсизлик (“Йў-ўқ!”) саналган. Шу боис, кучли тақиқ остида бўлган.

      Талабалар оғизлари ланг очилганча, қулоқларига ишонмай тинглардилар. Наҳотки, бечора болакайларни шундай вақтичоғликдан маҳрум қилишган? Ишонгинг келмайди!

      – Ҳатто ўспиринларга ҳам рухсат беришмаган, – давом этди Раҳбар, – ва ҳатто сиз каби ёшларга ҳам…

      – Бўлиши мумкин эмас!

      – Онда-сонда яширинча юз бериб турадиган бир жинслилар алоқаси ё ўз ўзини қониқтиришларни айтмаса, ҳеч нарса бўлмаган.

      – Ҳеч нарса?

      – Ҳа, кўп ҳолларда ҳеч нарса – йигирма ёшга тўлгунларича.

      – Йигирма ёшгача? – талабалар эшитганларига ишонолмай, бирваракайига оҳ тортиб юбордилар.

      – Ҳа, йигирмагача, керак бўлса, ундан ҳам узоқроқ. Айтяпман-ку сизларга, тарихий далиллар қулоққа чўпчакдай эшитилади.

      – Кейин нима бўлди? – сўрашди талабалар. – Оқибати нима бўлди?

      – Оқибати даҳшатли бўлди, – суҳбатга тўсатдан баланд, дўриллаган овоз қўшилди.

      Улар атрофга қарашди. Ён томонларида сочлари қора, ўрта бўйли, нотаниш киши турарди. У қирғий бурун, лаблари қизил, кўзлари эса тим қора, зийраклик билан боқувчи киши эди.

      – Даҳшатли, – такрорлади у.

      Боғнинг у ер-бу ерига қулай тарзда ўрнатиб чиқилган, резина ва темирдан ясалган ўриндиқлардан бирида ўтирган Раҳбар уни кўргач, ўрнидан сакраб туриб кетди ва қўлларини кенг ёзиб, 32 та тишини кўрсатиб тиржайганча у томон ошиқди.

      – Бош Нозир! Қандай кутилмаган бахт! Буни қаранг, дўстларим, Бош Нозирнинг ўзи, зоти фордлари Мустафо Монд!

*

      Марказдаги тўрт мингта зал ва хоналардаги тўрт мингта электрон соат бир вақтда тўртга занг урди. Радиокарнайлардан ҳиссиз овоз янгради:

      – Асосий кундузги навбатчилик тугади. Иккинчи навбатчилик бошланяпти. Асосий кундузги навбат…

      Лифтда ечиниш хонасига кўтарилаётган пайт Ҳенри Фостер ва Бош тайинловчи ёрдамчиси руҳшунослик бюроси мутахассиси Бернард Марксга очиқчасига орқа ўгириб олганди; улар бу шубҳали эътибордан ўзларини олиб қочишди.

      Дастгоҳларнинг бўғиқ гувиллаган саси Эмбрионарийнинг қизғиш ним қоронғилиги-ю, сукунатини бир маромда тебратарди. Навбатлар келаверади ва ўтаверади, бир қизил афт ўрнини бошқаси эгаллайди; аммо улуғвор конвейер тасмалари бўлажак одамларни ёруғ дунё томон элтганча олға силжийверади.

      Ленина Краун кескин қадамлар билан чиқиш томон юрди.

*

      Зоти фордлари Мустафо Монд!

      Саломлашаётган талабаларнинг кўзлари косасидан чиқиб кетай деди. Мустафо Монд! Ғарбий Европанинг доимий Бош Нозири! Дунёнинг ўнта Бош Нозиридан бири. Ўнтадан бири…

      У Раҳбар ёнига ўриндиққа ўтирди, у шу ерда туриб гапирмоқчи эди… ҳа, ҳа, уларга Форд ёрлақаган оғиздан сўзламоқчи эди. Бу сўзларни Форд айтяпти деса ҳам бўлаверади.

      Офтобда