АЖИБ ЯНГИ ДУНЁ. Олдос Ҳаксли. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Олдос Ҳаксли
Издательство: Asaxiy books
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-23-192-4
Скачать книгу
эса шундай: ҳаммаси ёки ҳеч нарса, ё ўзгартирасан, ё бутунлай ўзгартирмайсан. Момбасда йигирма ёшдаги балоғат ва олти ёшдаги балоғат даврлари ўртасидаги олтин меъёрни топиш устида изланишлар кетяпти. Лекин ҳозирча бирон самара бўлмади. Жаноб Фостер нафасини ростлаб, бошини чайқади.

      Қизғиш ним қоронғилик ичра кезиб, улар 170-метрдаги 9-тасма олдига келишди. Шу нуқтадан бошлаб тўққизинчи тасманинг ёнбош ва тепа қисмлари ёпиб қўйилганди; шиша идишлар ўз йўлларини гўё туннел оралаб бораётгандай давом эттирар, фақат у ер-бу ердаги очиқ жойлардан кўзга ташланиб қоларди.

      – Иссиққа мослаштиряпмиз, – деди жаноб Фостер.

      Иссиқ туннеллар салқинлари билан алмашиб туради. Салқин ҳароратга оғир рентген нурлари ҳам қўшилиб кетади. Шиша очиладиган вақтгача ҳомилалар совуқдан ўлгудай қўрқадиган аҳволга келади. Уларнинг тақдири аён: тропик ўлкаларга юборилади ё тоғ саноати ишчиларига айланишади, ацетат ипак йигиришади, пўлат қуйишади. Кейинчалик уларнинг танаси нимани талаб қилса, мияси шундай ўйлайдиган бўлади.

      – Биз уларнинг танасини иссиққа мослаштирамиз. Юқори қаватлардаги ҳамкасбларимиз эса уларни иссиқни севишга ўргатади, – якунлади сўзини жаноб Фостер.

      – Ва мана шунда, – насиҳатомуз оҳангда қўшиб қўйди Раҳбар, – бахт ҳамда фазилатлар сирлари мужассам: қисматингга битилганини сев! Рефлексларни пайдо қилиш орқали мослаштиришдан мақсад, одамларга муқаррар ижтимоий тақдирини севдиришдир.

      Туннеллар орасидаги очиқ жойлардан бирида қўлида шприц тутган ҳамшира ишламоқда эди. У ингичка ва узун игнани шиша идишдаги илвираган танага авайлаб санчарди. Талабалар икки мураббий ҳамроҳлигида уни бир муддат сассиз кузатишди.

      – Салом, Ленина, – сўз қотди жаноб Фостер ниҳоят у игнани суғуриб, қаддини ростлаган пайтда.

      Қиз бир сесканиб, ортига ўгирилди. Кўзлари ва терисини қизил рангга бўяган шундай зулматда ҳам унинг жозибадорлиги кўриниб турарди.

      – Ҳенри!.. – у маржондай бир текис тизилган тишларини намойиш этиб, алвон табассум қилди.

      – Мафтункор, мафтункор, – унинг елкасига қоқиб, дилкашлик қилди Раҳбар. Қиз ҳам унга чуқур эҳтиром билан жилмайиб қўйди.

      – Нима қиляпсан? – сўради жаноб Фостер энди батамом жиддий оҳангда.

      – Ҳа, оддий дорилар – ич терлама, уйқусизликка қарши.

      – Тропик минтақа ишчилари 150-метрда эмланади, – жаноб Фостер талабаларга тушунтирди. – У пайтда ҳомилада ҳали жабра бўлади. “Балиқ”ни бўлажак инсонга юқиши мумкин бўлган касалликлардан ҳимоялаймиз, – шундай дея у яна Ленинага юзланди: – Бугун ҳар доимгидай, ўнта кам бешда томда.

      – Мафтункорсан, – такрорлади Раҳбар яна бир бор қизга, кейин унинг думбасига шапатилади-да, нари бориб, қолганларга қўшилди.

      Ўнинчи тасмадаги турнақатор бўлиб тизилган шишалардаги бўлажак кимёгарларда қўрғошин, каустик сода, қорамой, хлорга нисбатан чидам шакллантирилмоқда. Учинчи тасмада ракета учоқлар муҳандиси бўлиши кўзда тутилган, икки юз эллик ҳомиладан иборат партия бир