Ленина бошини ирғади:
– Ҳа, у бугун менинг думбамга шапатилади.
– Ана, айтдим-ку!.. – деди Фанни ғолибона оҳангда. – Одатларига қатъий амал қилишнинг яққол тасдиғи бу.
– Барқарорлик, – таъкидлади Бош Нозир, – барқарорлик. Ижтимоий барқарорликсиз тараққиёт бўлмайди. Индивидуал барқарорликсиз ижтимоий барқарорлик бўлмайди.
Мустафонинг овози карнайдан чиқаётгандек эди; тингловчилар уни тинглаб, ўзларини каттароқ, илиқроқ ҳис этишди.
Машина айланади, ишлайди ва мангу бетиним ишлаши шарт. Тиниш, бу – ўлим дегани. Аввал Ер қобиғи узра миллиард аъзо қайнаб ётарди. Машиналар шестернаси тинмай айланади ва юз эллик йилдан кейин бу сон икки миллиардга чиқди. Уларни тўхтатинг. Юз эллик йил эмас, юз эллик ҳафта ўтгач, Ер шари аҳолиси тенг ярмига камайди. Бир миллиарди очликдан ўлди.
Машиналар тўхтовсиз ишлаши керак, аммо улар парваришни талаб қилади. Уларга одамлар хизмат кўрсатиши керак – айнан улар каби ишончли, шестерна ва ғилдираклари каби барқарор – тани ҳамда руҳи соғ, бўйсунувчан ва ўз ҳаётидан тўла мамнун кишилар.
“Менинг болажоним, менинг онажоним, менинг азизим ва ягонам!” деб қийқирувчи бечоралар, “Гуноҳкорман, о буюк Тангрим!” дея ингровчилар, оғриқдан дод солувчи, безгакдан алаҳловчи, камбағал ва қарилиги учун кўзидан ёш тўкувчи бахтсизлар бу машиналарга ғамхўрлик қила олади, деб ўйлайсизми? Хўп, бу ғамхўрлик қилинмасачи?.. Миллиард одам жасадини кўмиб ё ёқиб юбориш осон кечмайди.
– Ва ниҳоят, – Фанни уни мулойимлик билан ишонишга ундарди, – Ҳенридан ташқари яна бир-иккита йигитинг бўлиши сен учун у қадар оғир ва ноқулай бўлмайди. Бунинг қийин жойи йўқ-ку! Шундан кейин бироз шаҳвоний майлларингга эрк беришинг керак.
– Барқарорлик, – таъкидлади Бош Нозир, – барқарорлик. Бирламчи ва асосий эҳтиёждир. Барқарорлик. Мана, шунинг учун буларнинг бари!.. – у кенг ёзилган қўли билан Мослаштириш марказининг улкан миноралари, боғда яланғоч чопиб юрган ё бутазорлар хилватида ўйнаётган болаларни қамраб олди.
Ленина бошини чайқаб, ўйчан алфозда деди:
– Нимадир мени сўнгги вақтларда шаҳватга эрк беришдан қайтаряпти. Ўзингда ҳам, Фанни, эркакларни алиштиришга тобинг қолмаган пайтлар бўлиб турар?
Фанни хайрихоҳлик билан уни маъқуллади.
– Аммо ҳаракат қилиш керак, – насиҳатомуз оҳангда деди у. – Оқимга қарши сузиб бўлмайди. Нима десанг де, лекин ҳар ким ҳар ким учундир.
– Ҳа, ҳар ким ҳар ким учун, – Ленина ўйчан такрорлади мақолни ва чуқур хўрсиниб, жим бўлиб қолди. Кейин дугонасининг қўлларидан тутиб, енгил сиқди. – Сен мутлақо ҳақсан, Фанни. Доим ҳақ бўлгансан. Мен қўлимдан келганича ҳаракат қиламан.
Бўғилган истак тошиб чиқади, тошқин ҳиссиётдир, тошқин майлдир, тошқин ҳатто девоналикдир: у оқимнинг кучи, тўсиқнинг баландлиги-ю, бардошига боғлиқ. Бўғилмаган оқим ўз ўзанида сокин оқади, бахт-саодат денгизига қуйилади.
Эмбрион оч, насос