– Лекин у мен билан ёлғиз бўлмайди-ку. Кейин, умуман, нега унга бу қадар ёмон муносабатда бўлишади? Менимча, у ажойиб йигит, – суҳбат пайтида у жуда кулгили тортиниб турганини эслаб, Ленина жилмайиб қўйди. Деярли қўрқиб кетганди. Худди Ленина дунёнинг Нозири-ю, Бернард тиқин ичидан гамма-манфий бўлиб чиққандек…
– Ҳаётингиз ҳақида ўйланг, – деди Мустафо Монд. – Умрингизда бирор марта ошиб ўтиб бўлмас тўсиққа дуч келдингизми?
Талабаларнинг сукут сақлаши уларнинг ҳаётида бундай воқеа умуман содир бўлмаганини англатарди.
– Орангиздан бирор ким кучли истак ва уни қондириш орасидаги бўшлиқ ичида узоқроқ қолиб кетишга тўғри келдими?
– Мен… – ёшлардан бири гап бошлади-ю, каловланиб қолди.
– Айта қолинг энди, – тоқати битди Раҳбарнинг, – зоти фордлари кутяптилар.
– Мен бир сафар қизни рози қилгунча сал кам бир ой кутишга мажбур бўлдим.
– Табиийки, истагингиз ҳам кучайиб кетган?
– Ҳа, чидаб бўлмас даражада!
– Айнан шундай, чидаб бўлмас даражада, – деди Бош Нозир. – Бизнинг аждодларимиз шу қадар аҳмоқ ва калтабин бўлганки, илк ислоҳчилар пайдо бўлиб, то қат қилиб бўлмас бу эҳтирослардан қутулиш йўлини кўрсатганда, уларга қулоқ осишмаган.
– У худди бир бўлак гўшт ҳақида гапираётгандай гўё, – тишларини ғичирлатди Бернард. – Татиб кўрмадим, татиб кўраман. Гўё у бир парча қўй гўштидай. Гўштга тенг кўришяпти уни… У менга айтди, ўйлаб кўриб, шу ҳафта жавобини бераркан. О Форд! О Форд! – йигит ҳозир уларнинг олдига чиқиб, афт-башарасига мушт туширгиси келиб кетди!
– Сенга унинг мазасини бир кўришни тавсия қиламан, – деди Ҳенри Фостер шу орада дўстига.
– Эктогенезни олайлик. Пфитцнер ва Кавагучи танадан ташқарида кечувчи бу кўпайиш усулини ихтиро қилишди. Ҳукумат унга эътибор ҳам қаратдими? Насронийлик деган алланарса бор эди. Аёлларнинг ўзлари туғишлари керак эди.
– У жуда бадбашара-ку! – деди Фанни.
– Менга эса унинг кўриниши жуда ёқади.
– Камига пакана, – Фанни афтини буриштирди. Паканалик – қуйи синф вакилларига хос бўлган одатий ва жирканч сифат.
– Менимча, у жуда ҳам ёқимтой, – деди Ленина. – Уни роса силаб-сийпагим келади. Мушукчани силагандай.
Фанни жирканиб деди:
– Айтишларича, у ҳали шиша ичида бўлган пайтлар кимдир уни гамма деб ўйлаган ва адашиб қон ўрнини босувчи суюқлигига спирт қўшиб юборган. Шунинг учун ҳам у нимжон чиққан.
– Бемаънилик! – Ленинанинг жаҳли чиқди.
– Англияда ҳатто уйқудаги таълимни бекор қилишди. У пайтлари либерализм аталмиш бир нима бўларди.
Парламент, агар у ҳақда эшитган бўлсангиз, гипнопедияга қарши қонун қабул қилди. Парламент ишлари билан боғлиқ ҳужжатлар сақланиб қолган. Британия фуқароларининг озодлиги ҳақидаги нутқ қайдлари. Омадсиз ва шўрпешона бўлиш ҳуқуқи тўғрисида. Квадрат ичидаги думалоқ қозиқ бўлиш ҳуқуқи ҳақида.
– Қўйсанг-чи, оғайни, мен фақат хурсанд бўламан. Тортинма, – Ҳенри Фостер дўстининг елкасига