Шоҳруҳхон отасининг насиҳатларига риоя қилган ҳолда салтанатни бошқара бошлади. Отаси каби кишиларнинг меҳрига кириш билан биргаликда яхшигина сиёсат олиб борди. Шарқ томондаги қўшнилари бўлган қирғиз ва қипчоқларни ўз томонига оғдириб, мустаҳкам иттифоқ тузишга муваффақ бўлди. Хонликнинг ҳудудлари йилдан-йилга кенгайиб борар, ихтиёридаги мунтазам қўшиннинг сони ошар эди, хонликнинг бешинчи йилида Қўқон хоннинг ихтиёрида ўттиз минг кишилик жанговор қўшин мавжуд бўлиб, қўшин нафақат сон балки сифат жиҳатидан ҳам намунали эди. Теварак-атрофдаги давлатларнинг эътиборини ўзига торта олган эди. Хонликнинг гўдаклик чоғида жиддийроқ бир чора топа олмаган Бухоро Амири энди қаттиқ хавотирга туша бошлади. Агарда шундай кетиш давом этаверса Қўқон хонлиги чинакам рақибга айланиши муқаррар. Бунинг устига Амирнинг жосуслик тизими номаълум сабабларга кўра кетма-кет мағлубиятга учрамоқда. Бир томондан Хива хонлиги хавф солса иккинчи томондан кенгайиб бораётган Қўқон хонлиги хавф солар эди. Жиддий чоралар кўрилмаса яна кўпгина вилоятларнинг қўлдан кетиш эҳтимоли йўқ эмас.
* * *
Эшик оғаси хоннинг қабулига наманганлик шайх Мулла Бозор Охунд келиб, киришга ижозат сўраётганини хабар қилди.
– Таклиф қилинг, – деди Шоҳруҳхон. – Ул зот учун эшигимиз доим очиқ.
– Ассалому алайкум хон ҳазратлари, – деди шайх таъзим айлаб.
– Даргоҳимизга хуш келибдилар, ҳазрат, – деди Шоҳруҳхон алоҳида илтифот кўрстаиш учун ўрнидан туриб шайхга пешвоз чиқар экан. – Биз томонларга қандай шамол учирди.
– Ўз ихтиёримиз билан келдик, жанобларига бир илтимос қилмоқчи эдик.
– Ўзлари саломатмилар, аҳли Наманган бизлардан хафа эмасми?
– Сизга сиҳатлик тилаб барчамиз дуодамиз, юртимиз тинчлигини яратгандан кеча-ю кундуз сўраш билан бандмиз.
– Саломат бўлсинлар.
– Ҳазрати олийлари, катта кўламда қурилиш қилаётганларидан хабардормиз, хизмат қилувчиларингиз ичида бизнинг анчагина муридларимиз ҳам бор экан.
– Ҳа, албатта. Уларнинг кўпчилиги ҳунарманд усталар.
– Ўша муридларимизни бизнинг ихтиёримизга берсалар деган мақсад билан келганмиз.
– Афсус, бу илтимосларини бажара олмаймиз.
– Бажармасалар бўлмас, – шайх қовоғини солиб, тунд қиёфага кирди.
– Нима учун?
– Биз