– Солиҳ ака, янги фарзанд муборак бўлсин.
– Қуллуқ, раҳмат.
– Умри билан, ризқи билан бергани чин бўлсин.
– Илоҳо илованда айтганингиз бўлсин.
– Ошни қачон еймиз?
– Қачон десалар биз тайёр, биродар.
– Кичик чилласини чиқариб олсинлар.
– Мақбул.
– Бу дейман адашмасам учинчи фарзандлари бўлса керак?
– Шунақа тақсир.
– Кўз тегмасин, давлатингизга давлат қўшилибди.
– Ўзим ҳам шундай фикрдаман, бизлар етолмаган орзуларга фарзандларимиз эришса ажаб эмас.
– Яхши ният ярим мол, ҳавасманд одамлар фарзандни хуш кўрадилар, болаларни албатта ўқитинг, илмли одам барибир бошқача бўлади-да.
– Ўзим ҳам шундай фикрдаман, бизки яхши илм ололмадик. Энди фарзандларимиз бу орзуларга эришсинлар.
– Лекин ҳунар беришни ҳам унутмасинлар.
– Албатта, косибчиликни ҳам ўргатиш ниятим йўқ эмас.
– Исмини нима қўйдилар?
– Убайдулло.
– Бай-бай, чиройли исм қўйибдилар, илойим бахтли бўлсин.
Муҳаммад Солиҳнинг қувончи таърифга сиғмас, агарда кишининг қувончини қай даражада эканлигини ўлчайдиган бирорта асбоб бўлганда эди, шубҳасиз унинг айни ҳолатдаги кўрсаткичи юз фоиз бўлиши аниқ. Бутун вужудини ёқимли бир кайфият эгаллаб олган, ширин хаёл оғушида завқланар, ҳаётининг энг бахтли онларини бошидан кечирар эди.
***
Кичкинагина ҳовли, пастқам икки уй, ўртаси даҳлиз, кираверишдаги айвон майда-чуйда сақлаш учун ёпинғич вазифасини ўтайди. Рўзғор буюмлари ҳам одми ҳамда саноқли. Ошхона вазифасини ўтайдиган бостирма уйчада идиш-товоқлар терилган бўлиб, бурчакдаги ўчоқда қозон ҳар доим осиғлиқ туради, ўчоқ ичида олов тафтидан қорайиб кетган қумғон, ёнида сув тўлдирилган челак ва каттагина хум ва шу каби нарсалардан иборат. Кишининг диққатини жалб қилдаиган бу оддий буюмлар уй эгасининг камтарона ва ночор эканлигидан далолат эди. Қоп-қора соқоли ўзига ярашган, ўрта бўйли, ҳар доим кишига табассум билан тикилиб қарайдиган Муҳаммад Солиҳнинг кийинишлари, хатти-ҳаракатлари, соддадиллиги атрофидаги муҳит билан ҳамоҳанг эди. У оғир ҳаёт йўлини босиб ўтди. Тинмай ишлашига қарамай топгани оила эҳтиёжларини аранг қоплар эди холос. Кун бўйи кичкинагина дўконида меҳнат қилиб, кечқурунлари чироқ ёқиб уйида ҳам анча фурсат ишлар эди. Ана шу кичкинагина ҳовлида бутун умри ўтди, қанчалик тиришиб меҳнат қилмасин асло бири икки бўлмади. Бутун умр тежамкорлик, борига қаноат қилиш, бекорчи ҳаваслардан воз кечиш билан яшаб ўтди. У ҳалоллиги билан бирга ҳамма ерда ажралиб турар, серзавқлилиги санъат ва шеъриятни севиши билан анчагина обрў-эътибор ҳам қозонган. Тирикчилик ташвишлари билан бўлиб бирор-бир