– Хўп бўлади, ўртоқ Сталин! – қотганча честь бериб жавоб қилди Берия.
– Кетишингиз мумкин, – деди Сталин Молотов ва Риббентроп сари юраркан, адъютантга трубкасини келтиришни имо этиб.
– Мен санъат ишлари комитети раиси (ўша пайтда маданият министрлиги шу номда аталган) Храпченкога айтаман. Эртага сизни шаҳар айлантириб, Большой театрга олиб боради, – деди Сталин Риббентропнинг олдига келиб.
– Ташаккур, ўртоқ Сталин. Миннатдорман! – деди Риббентроп кўзлари ёниб. – Большой театрни кўрмоқни болалигимдан орзу этардим.
– Биз билан бирга бўлганлар орзуларига етадилар, – деди Сталин қалдираган овозда бу жавобдан мамнун бўлиб. – Мен ҳам бораман. Сизнинг баҳонангизда биз ҳам дам оламиз. Дунёда Германия билан Россия, немис халқи билан совет халқидек бир-бирига яқин мамлакат ва миллат йўқдир. Шунинг учун ҳам барча рус подшолари олмон маликаларига уйланганлар. У маликалар яхши тарбия кўрганлар-да, – тарих бўйича билимини намойиш қилди доҳий.
– Тўғри сўйлайсиз, ўртоқ Сталин. Барча рус шаҳзодалари олмон маликаларига уйланганлар, – такрорлади Иоахим Риббентроп.
– Хайр, жаноб нацист Риббентроп. Эртага сизнинг бир миллатдошингиз саҳналаштирган спектаклни томоша қиламиз. Совет халқи ҳақиқий интернационалдир. Сиз меҳмон билан бирга қолиб, суҳбат ва зиёфатни давом эттиринг. Истаса, кечки Кремлни сайр этсин, – тайинлади доҳий Молотовга. – Хуллас, нени истаса, шуни қилсин. Хоҳласа, ана у оппоқ официанткалар билан гаплашсин! – Мохоркадан сарғайиб кетган тишларини кўрсатиб илжайди. – Храпченкога айтинг, меҳмонга менинг номимдан гулдаста тақдим этсин!
– Тушунарли, ўртоқ Сталин!
– Унда биз кетдик.
– Яхши боринг, ўртоқ Сталин!
– Хайр!
Сталин ва Молотов театрга етиб келганида Риббентроп Храпченко билан ложада ўтиришарди. Театр артистлари Эйзенштейннинг “Валькирия”сини ижро этишарди.
Спектаклдан сўнг доҳий меҳмонга режиссёрни таништирди.
– Нацист эканлигингиз боис сиз ҳам биз каби худога ишонмайсиз, албатта. Агарда художўй бўлганингизда қайси бир динга эътиқод қилган бўлардингиз? – сўради Сталин Риббентропдан.
– Менинг отам лютеран бўлган, жаноб Сталин.
– Танишинг, нацист Риббентроп! Лютеран ўртоқ Эйзенштейн. Томоша этганимиз спектаклни саҳнага қўйган одам.
– Шундай истеъдодли миллатдошимни кўрмоқ ва танишмоқдан мамнун бўлдим, жаноб Сталин! Сиз ҳақиқий бағрикенг, буюк доҳийсиз!
– Бугун кечқурун яна Кремлда, ўша банкет салонида учрашамиз, ҳурматли меҳмон. Қани юринг, кетдик.
Риббентроп миннатдор қиёфада бош ирғаб, ложа эшигидан чиқди.
– Ўртоқ Молотов! Нега Храпченко кўринмайди? – сўради Сталин ўз министридан.
– Ўртоқ Храпченко коридорда бекламоқда, ўртоқ Иосиф Виссарионович, – ўрнидан сакраб турди Молотов.
– Чақиринг!
– Биз Германия билан иттифоқдошлик