Ҳинд файласуфи Бхартрихари битганидек, пасткаш ва тубанлар қораламайдиган бирор-бир яхши фазилатли киши бормикан? Улар камтарни – нодон, қатъий ишончлини – манман, ҳалолни – фирибгар, мардни – шафқатсиз, самимийни – тентак, хушмуомала кишини – ожиз, гапга чечанни – вайсақи дейишади.
Зотан, бошқа бир фикр, янги бир ғояга қотиллик, душманлик кўзи билан боқиш, инсоният мавжуд бўлганидан бери бор ҳақиқатдир.
Коперник ва Мансур Ҳалложни ўтда ёқгувчи понтийпилатчилар ўз ишларини Исо Масиҳни Голгота тепалигига олиб чиқиб, чормихга тортмоқдан бошлаган эдилар. Чернишевскийни сазойи қилганлар, ҳабашлар озодлиги учун курашган Жон Браунни дорга осганлардан кўра инсофлироқ эди.
Ўз фикр қобиғини ёриб чиқа олмаган, тасаввур дунёси чегараланган, ҳаёт ва ўлим ҳақиқатини англаб етмоққа уринмаган нодонлар ер юзида мавжуд экан, боши юмалоқ бути айри яратиқлар бир-бирининг кушандаси бўлиб қолаверади.
Ҳар бир қавму қабила, элу элатнинг дину диёнати, ахлоқ ва ҳақ-ҳуқуқ мезонлари ўз йўлига. Инсон аталмиш яратиқнинг барча уринишу чирпинишлари охир-оқибат бир ярим газ ер ва икки газ бўз ила барҳам топади.
Ақлнинг йўли бир деганларидек, адолатнинг олий шоҳсупаси ҳам, бу шоҳсупага элтадиган қоронғу сўқоқларни ёритгувчи даҳолар закоси, ақлисалимликнинг тўраю тузуги ҳам текдир.
…Бир гуруҳ ёш ёзувчилар саксонинчи йилларнинг бошида Тула губерниясига, Лев Николаевичнинг Ясная Полянадаги ғоят оддий ва камтарона сўнг манзилини зиёрат этмоқликка бордик.
Бу чексиз-чегарасиз, учи қуйри йўқ, илоҳий гўзал ўрмонларда Толстойона сокинлик, теранлик ва улуғворлик ҳукмрон эди. Бу табиий иқлим ва адабий муҳит, адабиётни англаб етган киши учун сўз ила ифодалаб бўлмас бир сабоқ эди. Бу яшил кенгликларда фақат кезиш, хаёл суриш, табиат билан тиллашиш ва инсониятнинг энг буюк бир даҳосини хотирлаш мумкин эди.
Лев Николаевич Толстой уй музейининг ходимаси ҳайрат ва ҳаяжон, завқу шавқ-ла авлиёлик мақомига юксала билган санъаткор ҳақида ҳикоя қиларди.
Унинг бир фикри хотирамга ўрнашиб қолган.
– Ҳозир Тула областида қирқ бир нафар СССР Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси бор. Инқилобгача эса фақат Лев Николаевич Толстой бўлганлар…
Сукут суиқасди… Бу жумлани сўйлаганимда туппа-тузук ҳамкасбларим ҳам бирданига фаҳмлаб, ҳазм эта олмадилар. Бир оз тер тўкиб англатмоғимга тўғри келди.
Қодирийу Чўлпон, Усмон Носиру Файзулла Хўжаев, Акмал Икромову Элбекларнинг “судланиб” отилишига кимлардир “хизмат” этган бўлса, тўп-тўп, тўда-тўда кишилар, кўйу қасабалар, овулу қишлоқлар сассиз-садосиз сукут сақлаган. Бу қотиллигу қатағоннинг асл қиёфасини тушунганлар ҳам оғиз очмаган. Сукут ризолик аломатидир. Худди ана шу нарса сукут суиқасди дейилади.
Лоқайдлигимиз, ҳақу ҳақиқатнинг, адли адолатнинг моҳиятига етмаганимиз, оч ўлдирма тўқ ўлдир, қиш ўлдирма ёз ўлдир психологиясига амал қилиб ўрганганимиз учун, бир ватандошимиз ҳақсизликка учраса, уни ҳимоя этмай, томошабин бўлиб туришимиз, қорани оқ дейишимиз-ла сукут