Бу яхши. Бироқ қўйдай юввош бу халқни йўлдан урувчи бузғунчилар бор. бу ўқимишли, саводхон интелегенциядир. Ана шуларга қирон келтириш керак. Халқнинг бошини қотириб, буюк йўлдан чалғитадиган хоинлар, ана шулар. Бироқ буларнинг ҳаммасини қирибу сургунга жўнатиб юборса, болаларни ким ўқитади. Фан-техника тараққиёти билан ким шуғулланади. Олтмиш икки минг генералу полковник, майору лейтенант қатағонга учраган. Отиб ташланган. Қаршисида Гитлер деган аждарҳо турганда армияда бу аҳвол?..
Ҳеч кимга ишонмай қўйгани ёмон бўлди-да. Атрофидаги исқиртлар унинг феъл-атворидаги бу қусурдан фойдаланиб, дуч келган рақибу душманни ҳам Сталин сиёсатига қаршилик қилди дея жазога тортаверган. Ҳамма хунрезлигу қатағон унинг номидан қилинмоқда.
Унинг ўзи шундай ғайриинсоний, ғайриҳуқуқий ва ғайриахлоқий иқлим яратиб қўйдики, энг сўнгги қурбон ўзи бўлди. У бу тавқи-лаънатдан устига тупроқ тортгандан сўнг ҳам қутула олмади.
Яковлев унинг кабинетига киргунга қадар шулар ҳақида ўйлади.
– Москвадаги авиация заводларини эвакуация қилишга тўғри келиб қолиши мумкин. Шунинг режасини тузиш керак, ўртоқ Яковлев, – деди Сталин ўқиб турган китобини яна суриб қўяркан тушкун оҳангда.
Яковлев доҳийдан бу топшириқни кутган бўлса-да, беихтиёр бир нарса, Сталиннинг эрта-индин Москва қўлдан кетади деб турилган ҳаёт-мамот дақиқасида қандай китобни ўқиётгани қизиқтирар, бироқ кўзини доҳийдан узиб китобга қарашга ботинолмасди.
– Режани шу ерда тайёрлайми ёки…
– Шу ерда. Менинг олдимда, – деди Сталин ўрнидан туриб турубкасини тутатишга киришаркан.
Яковлев қоғоз-қалам олиб эвакуация режасини ёзишга киришди.
Сталин деразадан Кремль ҳовлисини кузатганча махорка тортарди.
– Режани ёзиб бўлдим, ўротоқ Иосиф Виссарионович! – деди ўрнидан туриб Яковлев.
Сталин оҳиста юриб келиб ундан қоғозни олди-да, дераза ёнига қайтиб бориб трубкасини чекканча секин ўқий бошлади.
Яковлев стол ёнида ҳайкалдек қотиб турарди. Сталин қўлидаги қоғозни ўқиш билан банд бўлганида беихтиёр стол устидаги китобга қаради.
А.С.Пушкин “Евгений Онегин”.
Сталин ҳузуридан чиққан Яковлев ҳайрон эди. Аҳоли тўп-тўп бўлиб пойтахтни тарк этаётган, боғча ва мактаблар ишламаётган, ваҳима ва васваса ҳукм сурган бир пайтда барча ишни йиғиштириб қўйиб “Евгений Онегин”ни ўқимоқ…
Бунинг учун буюк актёр ёки ўзини чалғитаётган буюк қўрқоқ бўлиш керак, хаёлидан кечди Яковлевнинг. Бироқ дунёда ягона авиаконструктор академикмисан, Жуков каби даҳо қўмондонмисан, Пастернаку Мандельштам каби тенгсиз носиру шоирмисан, қисмату қадаринг ана шу, офицер этигию гимнастёркасини кийган, сўнгида барча табибларини маҳкум этиб, ветеринар фельдшер қўлида