− Билиб туриб менинг азобим,
Қандоқ қилиб ухлайсан беғам.
Шеър шиддат билан бошланиб, хотимаси ундан-да кучли хитоб билан тугатилган эди:
− Мен ҳаётда тирик эканман,
Кучлироқман барча ўликдан!
У ҳозир хаёлга чўмиб, «Мен-чи, мен тирик бўлсам, нима қилишга улгурдим, севишгами, севилишгами, ҳаётим майитникидан ҳам хароб», деган армонли ўйни бошидан ўтказди.
Макка йиғиб олиниб, эртага картошкага тушиладиган кун келди. Акобир кунда қилинган ишлар тўғрисидаги мақтовли ҳисоботларни онасидан эшитаркан, кўзлари юмилган ҳолда уйқуга кетди.
− Шаҳарда ўсган бўлса, бунақа юмушларни қайдан биларкин? Макканинг донини алоҳида қоплаб, пояларини ғарамлаб, ҳаммасини бостирмага жойлади. Қалдирғоч ҳам йигитнинг ҳаракати тез, чарчаб қолаяпман, деб нолиб қўяди. Лекин келиннинг ҳам дала шароитида, бунақа ишларда пишгани маъқул.
Акобир саҳарлаб ювинаётган йигитни елкасига қоқиб, − маккани дўндирибсан. Раҳмат. Биз ҳам ваъдага вафо дегандек уч кунингга беш юз кило ёздирдим. Бўладими? − деб сўради.
− Инсоф ўзингизга берсин. Мен рози.
− Бугун картошкага тушсанг, икки кун етар. Сени сўраб-суриштираётган ғаламислар чиқиб қолди.
− У ҳолда…
− Қўявер гап-сўзни. Сен томорқадаги ишни битказ. Икки кун муҳлат. Етадими?
− Бу энди фақат ўзимгамас, янгага ҳам боғлиқ. – Йигит шундай деб, Қалдирғоч тарафга суҳбат жиловини бурди.
Янга бунақа суҳбатларда иштирок этишни ўзига эп кўрмайди эмас, кўпроқ фикрини билдиришни ортиқча ёқтирмаслигидан бошини қуйи тушириб, миқ этмади.
Унинг ўрнига Акобир шошиб жавоб қилди:
− Сен янгангни қаттиқ ишга солма. Ҳар ҳолда хотин киши. Мени маломатга қўясан.
Йигит норози елкасини қисди:
− Меҳнатдан ҳеч ким ўлмаган.
Қалдирғоч бу гапдан қизариб-бўзариб эрини туртган бўлди:
− Нега унақа дейсиз? Қачон маломат қилибман, ё бирор марта чарчадим дедимми?
Оловиддин янганинг жўшқин иқтибосидан маъно топиб, ўзини оқлаш учун эрига зардали қарашини кузатди ва ҳар иккисига ҳайрон тикиларкан, Акобирни хотини олдида ўзини йўқотиб қўйишини сезди. Чунки шу заҳотиёқ у ўзини ҳимоя қилишга ўтиб, «Шунчаки айтдим. Мендан хафа бўлманг. Хоҳласангиз, қўйинг бу ишни. Бозор тўла сабзавот», − деди. Қалдирғоч лабини бурди. Унга эрининг бундай тез таслим бўлиши ва манзират учун меҳрибончилик қилиши ёқмади. Унинг арзимаган гап-сўз учун фикрини ўзгартиришини маъқулламай кучанди:
− Йўқ, энди бир ишни бошлагандан кейин охиригача етказиш ҳам фарз, ҳам қарз. Мен ҳақимда ўйламанг! Шерик бўлса, қайтангга дала ишини қилиб турган соғлиққа фойдали бўларкан.
Акобир бир нима дейман деб оғиз жуфтлаганди, Оловиддин ундан ўзиб ҳазил қилди:
− Почча, янганинг иштаҳаси очилган кўринади, картошка йиғимидан сўнг пахта теримига ташланг, − деб кулди.
Аммо унинг кулгисини ҳеч ким қувватламади.