− Болам, сигирларга эрталаб ем бериш сендан. Янгангдан ҳам хабардор бўлиб тур. Йўл узоқ, мабодо, кеч қайтишимиз мумкин.
− Ўзи, қаёққа кетяпсизлар, номозшомда, шошилиб.
− Шу ҳаво баҳона, тўйга тўёнани бериб келамиз.
− Эртага далага чиқиб кетсам-чи. У ҳолда…
− Уч кун шунақа ҳаво бўлармиш. Акобир тайинли жойдан билибди.
− Ҳимм.
Дарвозадан чиқишда, кампир уй-жойига кўз югуртириб: «илоҳо омин! Келин уйни сизга, сизни худога топширдим», деб дуо қила, Қалдирғочни чўлп этиб ўпди.
Акобир машинанинг орқа ўриндиғига бўхча, совғаларни териб, онасини ёнига ўтказди. Сўнг газни босиб, кўчани бурқситиб, йўлга тушишди.
Машина қораси ўчгунча, Қалдирғоч бўйнини чўзиб, нигоҳини узмай тек қотди. Оловиддин шақиллатиб дарвозаларни ёпа бошлади.
Шундагина янга қотиб турган жойидан қўзғалиб, ромли айвонга кўтарилиб, индамай ичкарига кириб кетди. Унга қайнанасининг дуоси эриш туюлганди.
Оловиддин эса шерикларининг қошида, ҳозир шу ҳақда ўйлаб, ўйига етолмас, янганинг эри қолиб бировни севиб қолиши мумкинмаслигига шубҳаси тасдиқ топгандек, тарвузи қўлтиғидан тушиб, мақсадсиз ўйлар уммонида кезар, ғингшиб чўзилиб олганча ётдию, зерикди. Нима қилишини билмай, вақт ўтказиш учун карта ўйнади. Ёқмади. Шерикларига қўшилиб ичсинми. У қўлига бир стакан винони ушлаган ҳам эди, ички овоз бундай қилмасликка азм этди.
Кеч бўлди. Ёмғир тезлашди. Деворлар, тунука томларга урилаётган ёмғир томчилари тезлашиб, энди челаклаб қуйишга ўтиб, турли товушлар сувнинг шовиллаши билан уйғунлашиб кетгандек ваҳима берарди. Ичиб, кайфи ошган шериклари уйқуга кетди. Фақат дядя Толик ҳали ҳушёрроқ. У йигитнинг дилидаги гапни айтди:
− Менга қара. Сен бекачадан хабар ол. Бу ҳавода қарс-қурсдан қўрқиши мумкин. Кўрдинг, она-бола қайгадир кетди. Қачон қайтади, худо билади. Келгунча ўша ерда ўтирмайсанми? Сендақа жентельмендан ўргилдим.
Оловиддин шундагина аҳмоқлик қилганига, гап-сўзлардан чўчиб, оддий одамгарчиликни унутганидан пушаймон, сал дурустроқ кийиниб ташқарига югурди.
Ҳавода чақин чақиб, гулдурос урадию, аҳамият бермаганини қара, ромли айвон чироғи ёқиқ, узоқдан кўрди.
Тақиллатиб эшикни очса, диванда адёлга ғужанак бўлиб, ўралиб олган янга, хўрпайиб, тескари қараб олди.
− Бир ўзингизсиз? Хавотир олиб келдим.
− Ҳимм.
− Ҳавони авзойини қаранг.
− Ҳимм.
− Қўрқмадингизми?
Янга ҳамон бир сўз демасди.
− Нега индамайсиз? Андиша қилдим, киришга − деб, Қалдирғочнинг қўлини беихтиёр ушлади. − Ия, совуқ-ку!
Оловиддин чўчиган, қўрққан одамда қон қочади, демакки, танаси совиб кетса керак, деб ўйлади ва жувоннинг ёнига чўкди.
Шу пайт осмон яна қарсиллади. Ва у жуда яқиндан эшитилиб, ҳовли ёришгандек бўлди. Сўнг кетма-кет момақалдироқ гумбурлаб қулоқни қоматга келтирди. Атроф эса энди қоронғулашиб, зимистон босди. Фақат айвонда липиллаб турган шамни этмаса, Акобирнинг кенггина дала ҳовлисини ҳам зулмат қоплаб, ҳеч нарсани кўриб бўлмасди. Бу табиат