Яхмум қаттиқ кишнаб юборди. Наххама “фирқфирқ” этиб, ўзича кулди.
Аммо қовурғалари саналиб турган бу жониворни таниган Букефал олдинги оёғини тўпиғидан букиб ерни аста-аста, худди силагандай уриб бош эгиб, узун ва чиройли бўйнини гажак қилганча турарди. Улар тумшуқларини бир-бирига теккизганча “ўпишиб” кўришдилар. Меҳмон ўзини таништирди. Европа одати шуни талаб қиларди.
– Мен Россинантман. Ламанчлик ғамгин қиёфали рицарь Дон Кихот ҳазратларининг отиман. Ул ҳазратнинг инсоният бахти йўлида олиб борган жангу жадаллари ҳақида эшитгансиз, албатта.
– Худди шундай. Биз қайси юртда ва қайси замонда яшамайлик, ўз қавмларимиз ва уларнинг соҳиблари тўғрисидаги барча воқеалардан воқифмиз.
Марҳамат, ўзингиз учун ажратилган охур олдига ўтинг, – мулозамат қилди мезбон.
– Оламда бойлик васвасаси! – деган қичқириқдан ҳамма ҳушёр тортди. – Бу йўлда қотилликлар, талончиликлар беҳисоб. Одам одамни талайди!
Қичқираётган америкалик талончиларнинг оти Болевар эди. У дарвоза олдида тўхтаб, ичкарига киришдан аввал қаттиқ силкиниб олди. Атрофга тер томчилари сачради. Жаранг-журунг қилган овозлар эшитилди. Унинг эгари қошига четлари букланган сомбреро, бир халта олтин танга, дўли узун қора маузер илинганди. Мезбон уни ҳам тавозе билан қарши олиб, белгиланган охур томон йўналтирди.
“Мол эгасига ўхшамаса, ҳаром ўлади”, бу гапни ким айтган, қандай мақсадда айтган, тасодифан оғиздан чиққанми ёки кузатувлар натижасими бу, нима бўлганда ҳам унда бир заррагина ҳақиқат бор, – хаёлидан ўтказди Букефал. Ҳар бир от йиллар давомида ўз соҳибидан нимадир олади ва пировард натижада унга ўхшаб қолади. Соҳибининг хулқ-атворига кўникади. Нима мақсадда узангига оёқ қўяётганини тушунади.
Ногоҳ гулдурос садолардан ер вужудида титроқлар туриб, отхонанинг деворлари силкиниб, дарвозалар ўз-ўзидан шарақлаб очилиб, Кўкўғлон кириб келди. Ложувард шуълалар ўйнарди унинг сағрисида. Мажлисгоҳда ҳозир бўлган тулпорлар ҳушёр тортдилар. Кўкўғлоннинг истиқболига чиққан Букефал уни ўзидан қарийб бир қарич баландлигини кўрди. Сийнаси кенг, ёлини ерга солса бир эмас, етти суворийга тўшак бўлади.
“Рости-русти” деган садо янгради. Буюк Соҳибқироннинг шиори курраи заминни тўлдириб жаранглагандек бўлди. Узоқ бош силкиди Букефал. Ерга чўккаламоқчидек эгилиб тиз букиб, жангу жадалларда, ҳарбу зарбларда чиниққан танини илкис кўтарди ва кейинги икки оёғида турганча қаттиқ кишнаб, оғил тўрида ҳамон мунозара қилаётган қавмга буюк соҳибқирон Амир Темур ҳазратларининг тулпори Кўкўғлон ташриф буюрганини билдирди. Йилнинг энг узун тунида анжуманга чорланганларнинг асосий қисми жам бўлди. “Кворум етарли”, хулоса қилди Букефал.
6
Йиғилиш кун тартибига қўйилган асосий масала Аннабель устидан чиқарилган ҳукм муҳокамасига бағишланган эди. Аннабель нима учун