Товушим зўриқиб чиқди. Чунки бу пайтда товонларимни ерга тираб, қўлларим билан юқорига тортилдим ва шу усул билан қизни ҳам кўтармоқда эдим. Бир қўлимни яна симдан бўшатиб олишга тўғри келди. Қизнинг тўпиғидан тутиб, оёғини устун устига оширдим.
– Ерми?!
Болаларча қувонч янграб кетди унинг овозида.
– Ер, бизнинг еримиз.
Қиз товушимдаги алам ва изтиробни тушунди, жимиб қолди. Устунчанинг эни бир қарич, узунлиги учтўрт қарич бор. Икки киши бемалол сиғиши мумкин. Қиз иккала қўли билан сочларимдан маҳкам ушлаганча тирмашиб чиқиб, елкамга оёқларини қўйиб олди. Нимадир юзимни силаб, қитиғимни келтирарди. Бошимни кўтариб қараб, унинг белида осилиб турган икки бўлак латтани кўрдим. Қиз ҳам менга ўхшаб иштонидан айрилган ва ой ёруғида унинг орқаси оқариб кўриниб турарди. Кулгим келди. Қиз елкаларим силкинаётганини пайқади. Алам ва изтироб кулгусидан силкинаётган вужудимни у толиққан тананинг титроғи деб ўйлади ва тезроқ устунга чиқиб олишга шошилди.
– Орқага ўгирилиб қорнинг билан ерга ётиб ол, – дедим ҳар эҳтимолга қарши унинг оёғини қўйвормай.
Қиз айтганимни чаққонлик билан бажарди. Энди унинг юкидан бутунлай халос бўлгандим. Чамамда қизнинг оғирлиги ўттиз беш килодан ортиқ эмасди. Бундай юкни ерда бўлганимда кун буйи бемалол қўлимда кўтариб юрган бўлардим, ўз кучимга ишонаман. Ахир мен узоқ йиллар тош кўтариш ва штанга билан ҳам машқ қилганман. Бу соҳада Чўртонбойдан ўзиб кетаман деб ўзимни кўп қийнаганман. Ҳатто питбул зотли америка итларидек тишим билан турникка осилиб туриш машқини ҳам олганман.
"Ерда", деганим эришроқ туюлади, албатта. Бошқа нима ҳам дей, ҳавода муаллақ десам ҳам тўғри келмайди, тик турибман ёки ётибман ҳам дея олмайман. Ўтиролмайман ҳам.
Тонг отди. Энди иккиламиз олдинма-кетин, мен орқада, қиз олдинда устунча устида туриб қуёшни кузатардик. Қуёш ҳали чиқиб улгурмаган, унинг нурлари осмон сатҳида парпарон уриб ўйнарди. Эсаётган енгилгина шабада қизнинг сочларини тўзғитар ва олиб келиб менинг юзимга урарди. Қиз ўгирилиб менга қаради. Жилмайди. Бир нафас кўзларимдан нигоҳини олмади, тикилиб турди. Нимадир демоқчи бўларди-ю, истиҳола қиларди. Буни тушундим. Мен орқамни ерга маҳкам тираб, қизнинг белидан ушлаб турардим.
– Начора, бошқа иложимиз йўқ, – дедим унинг Ўнғайсизланаётганини сезиб, – сен қандай қилиб бу тузоққа тушиб қолдинг?
– Ўша корхона… Аа-а-а!
Қизнинг кўзларидаги даҳшатни кўриб ортимга қарадим-у, ўзимни пастга отдим. Иккаламиз олдинма-кетин қиялик бўйлаб думалаб келаётган улкан харсангни кўриб қолгандик . Тош тўппа-тўғри биз турган устун устига бостириб келиб, унга тегай-тегай деб ўтиб кетди.
VII
Биз муқаррар ўлимдан қутулиб қолган бўлсак-да, номаълум "келажак" сари шиддат билан кетиб борардик. Йўлнинг адоғи кўринмасди. Ярим соатлар ўтгач, қиз инграниб йиғлай бошлади. Дам қорни билан ётар, дам орқаси билан ётар, дам ўнг ёнбошига, дам чап ёнбошига ағдариларди. Мен бўлсам унга ёрдам беролмаётганимдан хунобим ошиб, чора