… Санаси белгисиз бир замон. Қаёққа кетаётганларини билмаган ҳолда югуриб боришарди одамлар. Аниқ мақсади ҳам, ихтиёри ҳам йўқ эди уларнинг. Қандайдир кўзга кўринмас куч ҳукмронлик қиларди издиҳом устидан. Ҳадемай ортда қолди уйлар, маҳаллалар, қишлоқлар. Сафлар лаҳза сайин кенгайиб ва кўпайиб борарди. Бетиним югуриш одамларни ҳолдан тойдирган бўлса-да, ҳеч ким бир-бирига ёрдам бермас, аҳволига қизиқмас ва ҳеч нарса сўрамасди, дам олиш ҳам ҳеч кимнинг хаёлига келмасди афтидан.
Пўлат ҳам уйдан отилиб чиқиб, оломонга қўшилди. Эшикни қулфламади, уй очиқ қолди. Атрофга кўз югуртириб жуда кўп таниш-нотанишларни кўрди. Улар орасида яқин дўсти Темир ва бошқа тенгдошлари ва қўшнилари ҳам бор. Қаёққа кетаяпмиз, деб сўрамоқчи бўлди-ю ботинмади. Юзлари хомуш, жиддий, айримларнинг кўзларида ваҳима ва иложсизлик. Бундай пайтда савол бериш ўринсизлигини тушунди йигит ва ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамасдан югуриб кетаверди.
Дунёдаги барча товушлар, шовқинлар ва ғала-ғовурлар тинган. Фақат қадамларнинг гурсиллаши, юракнинг дукиллаши, ўпкадан чиқаётган ҳарсиллаш эшитилади. Ҳувиллаб қолди бозорлар, дўконлар, давлат корхоналари. Улкан дарёга айланди одамлар оқими. “Ер чаппа бўлади” хаёлидан ўтказди Пўлат. Ҳамма бир нуқтага жамланса, Ер ўша томонга оғиб кетади ва биз улкан тоғорадан тўкилган шағалдек тубсизликка ағдариламиз”. Югуриб бораркан, оёғи остида пилдираётган қандайдир оқ нарсани пайқади. Бу чангга ботган оппоққина ит эди. Шунда ортига ўгирилиб, оқимга жониворлар ҳам қўшилганини кўрди. Энди ернинг чаппа бўлиши аниқ. Издиҳомни тўхтатгиси келди, қичқирди, лекин овозини ҳеч ким эшитмади. Уфқ қон тусига кирди ва лаҳза ўтмай оловранг шуълалар ўчиб, осмон новвот ранг олди, сўнгра қорайди. Одамлар бошига зулмат қўнди. Энди Пўлат ҳеч нарсани кўрмасди. Ҳатто оёғи остида чопиб бораётган оқ ит ҳам қоронғиликка қўшилиб кетди. Бу ҳол ажабланарли эди: “Юнглари қор каби оппоқ жонивор қандай қилиб қора тус олди ёки ўзи қорамиди аслида?” Миясига урилган саволга жавоб тополмади, қоронғилик ичидан Ундинани қидирди. Чунки қизнинг юзи дунёдаги бор оқликдан ҳам оқроқ. Қиз анчадан буён унинг ёнгинасидан югуриб келарди. Аммо Ундинанинг юзи ҳам итнинг юнгларидек қора бўлганлиги сабабли, тун пардасининг қай даражада қалинлигини аниқлаш, ундан мезон сифатида фойдаланиш имкони бўлмади. Пўлат кўнглини ғаш қилаётган шубҳаларни қувиш учун унинг билагидан ушлади. Қизнинг кўйлаги ҳилпирар, сочлари ёйилиб кетган, ўзи ҳарсиллаб нафас оларди. Билаги илиққина. Томирларида ҳаёт дарёси гулдурос солиб оқиб турибди.
…Уфқ бўзарди. Субҳи козиб ўз ўрнини субҳи содиққа бўшатиб берди. Ҳаёт бу улуғ воқеани шарафлаб такбир айтди ва ниҳоят, Қуёш ярқираб кўтарилди. Қоронғилик чекинди. Ҳамма нарса ўз аслига қайтди. Оқ оққа, қора қорага ажралди. Энди Ундинанинг юзи барча оқликдан ҳам оқ, фақат туннинг сурмаранг бўёқлари унинг қошлари, киприклари ва сочларига суркалиб иниб қолгандай. Оқ ит уларнинг ўртасида югуриб борарди.
Тоғлар, далалар ортда қолди. Энди издиҳом бийдай теп-текис, учи кўринмайдиган, ҳад-ҳудуди йўқ майдон ўртасида югуриб ҳаракат қиларди.