Гладиолус. Маматқул Хазратқулов. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Маматқул Хазратқулов
Издательство: Adabiyot
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn:
Скачать книгу
қилган экансизлар. Аҳмад билан унинг олдига боринглар. Секин уйғотиб, ўзига келтириб, ётиғи билан вазиятни тушунтиринглар. Ваҳима қилмасин, оғзидан гуллаб қўймасин. Кўнглини топинглар, рози қилинглар. Бу ерга олиб келинглар. Бир-икки соат ичида шу ишни тўғрилаб бериши шарт. Унга нима керак бўлса, ҳаммасини топиб беринглар.

      Ҳамма ўз ишига тарқалди.

      Ғиёсов бир чеккадаги скамейкага ўтирди. Гарчи апрель охирлаб қолган бўлса-да, ҳаво анчагина салқин эди. Бунинг устига тун. Ғиёсовнинг бўйи баланд, қадди-қомати келишган, кийим жуда ярашиб туради. Бунинг устига мунтазам спорт билан шуғулланади. Район аҳли райкомимиз доимо қиличдай бўлиб юради, деб фахрланади. У чиниққани учун унча-мунча совуққа парво қилмайди. Ҳозир эгни енгил бўлганиданми ёки вазиятданми эти жунжикди. Бироқ буни ўйлайдиган пайт эмасди. Унинг миясини бир савол пармадек ўярди: “Кимнинг иши бу? Кимга, нима учун керак бўлди бу ўйин? Донобеков қаердан билди? Ким айтди экан унга? У менга нима учун хабар қилди? Бир чеккаси ўзига ҳам тегишидан хавотирга тушдими? Унинг ўзи бу ишга масъул-ку! Шундан қўрққан! Ҳа, худди шундай. Бўлмаса икки дунёда ҳам менга хабар бермасди… Хўш, хабар беришдан мақсади нима? Ҳозир уни қандай қилиб тузатиш мумкин?.. Мени инфаркт қилмоқчими? Нега? Менда нима қасди бор? Нима ёмонлик қилдим унга?..”

      Донобековнинг Ғиёсовда қасди бор эди. Аммо буни Ғиёсов билмасди…

      Ўн беш кунча олдин Журъат Ғиёсовни обкомга чақиришди. Биринчи котибга кирасиз, дейишди. Нима гаплигини айтишмади. Ғиёсов турли хаёлларга борди. “Нима бўлиши мумкин? Бобоев нега чақиртирди экан?” Ғиёсов кейинги йилларда қилган ишларини, районнинг кўрсаткичларини бирма-бир хаёлидан ўтказди, таҳлил қилди. Бирон-бир ножўя ишни кўрмади, аксинча, вилоят раҳбарларидан, ҳатто республика вакилларидан ҳам раҳмат эшитиб келади.

      …Бобоев Ғиёсовни очиқ чеҳра билан кутиб олди. Ўрнидан туриб, қўл бериб саломлашди.

      – Келинг, ўртоқ Ғиёсов, – деди ва ўтиришга жой кўрсатди. – Хўш, Журъатжон ишлар қалай? – Ғиёсов биринчи котибни йиғилишларда кўп кўрган, нутқларини эшитган, аммо бир-икки мартагина яккама-якка суҳбатда бўлган эди. Бу одам бошқалар таърифлагандай, анча мулойим, вазмин, суҳбатдошини ўзига ром қилиб оладиган инсон экан.

      Раҳбарнинг қабулига киришидан олдин мутасаддилар Ғиёсовни роса “ўқитиш”ган эди: кўп гапирманг, саволларига қисқа, лўнда жавоб беринг, асосий гапингиз “раҳмат” дейиш бўлсин, иложи борича исм-шарифларини камроқ айтинг, у киши ортиқча тавозени хуш кўрмайдилар, очиқ, дангал гапни ёқтирадилар.

      Ғиёсов ана шу “йўл-йўриқлар”га риоя қилиб гапни қисқа қилди.

      – Раҳмат… яхши…

      Бобоев тўрт-бешта қаламни икки кафти орасида айлантириб, Ғиёсовга район, вилоят, умуман, республикага доир икки-учта савол берди. Ғиёсов билганича қисқа-қисқа жавоб қайтарди. У зимдан раҳбарнинг кўзига қаради – жавоблари маъқулми ёки йўқми – билмоқчи бўлди. Лекин Бобоевнинг ўтиришидан, юз ифодасию қарашларидан бирон нарсани англаб олиш қийин эди. Ғиёсовни ҳаяжон, тер боса бошлади. Буни раҳбар сезди