– Ҳа, Нормат? Тинчликми?
– Тинчлик, – деди Нормат салом бериб. – Ўзингиздан сўрасак? Соғ-саломатмисиз? Уйга бормайсизам.
“Чолу кампир хавотир олишган. Ҳар ҳафтада боришимга ўрганиб қолишган-да”.
– Отам билан энам ишдан қолдиришибди-да, сени, – деди Акмал ҳол-аҳвол сўрашиб бўлгач.
– Нимага?
– Нимага бўларди, бир ой бормаганимга хавотир олиб сени жўнатишибди-ку.
– Йўқ, улар билишмайди. Ҳаяллаб кетганингизга бир бориб хабар олиб келай-чи, деб ўзим келдим. Отамгаям, энамгаям айтганим йўқ. У куни энам “Акангдан дарак бўлмаяпти-я, болам”, девдилар. “Кеп қолар, иши кўпайиб кетгандир-да”, дедим. Энамни алағда бўлмасинлар дедим-у, ўзим турли хаёлларга бордим. Кейин уларга билдирмай бу ёққа жўнадим.
– Бекор овора бўпсан. Нима, мен ёш боламидим. Диплом ишлари билан югуриб юрибман. Бугун бу ерини тузатаман, эрта у ерини.
– Қачон ҳимоя қиласиз?
– Кейииги ҳафта, жума куни.
– Бўпти, мен кетдим. Ўша куни келаман.
– Келишингнинг нима ҳожати бор. Ишдан қолиб юрасанми?
Нормат индамай машинага ўтирди. Акмал унинг орқасидан ҳавас билан термилиб қолди.
Жума куни диплом ҳимоясидан сўнг терлаб-пишиб коридорга чиқди. Эшик олдида қўлида бир даста гул билан Нормат кутиб олди. У гулни акасига тутқазиб, уни маҳкам қучоқлади.
– Табриклайман, ака! Отам билан энам ҳам табриклаб юборишди.
Акмал севинчини яширолмади.
– Раҳмат, ука…
У бошқа гапирмади, гапиролмади.
Акмалнинг бир дўсти югуриб келиб Нормат билан кўришди. Нормат уни таниди. Баҳорда қишлоғига борган, тоққа чиққан йигитлардан бири эди.
– Ётоқхонага борамизми? – деди ҳалиги йигит.
– Ҳа, – деди Акмал, Норматга: – Сен ҳам юр. Беш-олтита жўраларим боради. Бирпас ўтирамиз.
Ўн чоғли йигит-қиз Акмалнинг хонасига келишди. Улар стол атрофига ўтириши билан Нормат ишга тушиб кетди. Бирзумда столнинг усти турли ноз-неъматлар билан лиқ тўлди. Пиширилган гўшт, тандир кабоб, қатпатир, мева-чева… Акмалнинг оғзи очилиб қолди.
– Оҳо, зўр-ку, – дейишди меҳмонлар. – Бу ҳақиқий банкет-ку.
Йигит-қизларнинг бири қўйиб, иккинчиси сўз олди. Ҳаммаси Акмалнинг таланти юксаклигини, диплом иши сифатида тақдим этган лойиҳаси юқори баҳоланганини, келажакда ундан катта меъмор чиқишини қайта-қайта таъкидлашди.
Нормат бир чеккада уларнинг сўзини тинглаб ўтирар, шундай истеъдодли акаси борлигидан ғурурланар, сўз айтувчилар Акмални мақтаётганида “Бу менинг акам, кўриб қўйинглар!”, деб овозининг борича ҳайқиргиси келар эди…
Йиллар ўтди. Бу орада Акмал ҳам, Нормат ҳам уйланди. Бола-чақали бўлди. Ҳар иккала тўйнинг оғирини Нормат кўтарди. Лекин буни ҳеч ким билгани йўқ. Одамлар: “Ҳайит ака ўғилларининг тўйини жуда яхши ўтказиб берди”, – деб гапириб юришди. Бу гапни эшитган Нормат астойдил севинди. “Отамнинг шаънига одамлар яхши сўз айтишса бас. Менга шунинг ўзи кифоя”.
Тақдирнинг тақозоси билан Акмал шаҳарда