– Нимайди, ота? – деди у ниҳоят.
Ҳайит ака оқ оралаган соқолини оҳиста силади. Норматга қарамай, узоқ-узоқларга, тоғнинг қуёш тегай-тегай деб турган чўққисига термилганча, хаёлчан бир аҳволда деди:
– Ўзим… Шунчаки, сўраяпман-да, ўғлим. Мактабниям битирдинг. Қайси ўқишга бормоқчисан, деб сўраяпман-да.
Ҳайит ака ўғлига қандайдир ҳам маънодор, ҳам савол назари билан қаради.
– Акам ўқишда бўлса… Мен ҳам кетсам, уйнинг ишларини ким қилади? Ёлғиз ўзингиз куймаланиб юрасизми? Одамлар нима дейди? Икки ўғил ўстириб кўрган роҳати шуми, демайдими?
Ўғлининг ақл-фаросатидан Ҳайит аканинг кўнгли ёришди. Аммо дилида кечган мамнунликни тилига чиқармади. Ҳайит аканинг одати шундай: ўғил-қизларидан хурсанд бўлса ҳам, ранжиса ҳам ўзини тия олади. Ортиқча суюб, эркаламайди, шовқин-сурон солиб, бақирмайди. Фарзандлари ҳам отасининг бу одатини билишади. Фақат унинг юз ифодаси, гапириш оҳанги дилида кечаётган ўйларни аён қилиб қўяди. Ё ўйчан, камгап бўлиб қолади, ё чиройи очилиб, ёш боладай ҳазил-ҳузул қилади.
– Иш қочиб кетмас, – деди Ҳайит ака салмоқлаб. – Лекин сен ўқишинг керак. Бир вақти келиб: “Отам мени институтга юбормаганлар”, деб хафа бўлиб юрсанг яхши эмас-да.
– Вақт-соати келса, ўқиб оларман. Лекин ҳозир бормайман. Ундан кўра бир ишнинг бошини тутай. Акам битириб келсин. Кейин бир гап бўлар.
Нормат айтганини қилди. Тракторнинг рулини тутди. Уй ишларини эса тамоман ўз елкасига олди.
… Баҳорда Ургут тоғлари ям-яшил либос кияди. Лолалар зангор гиламдаги қип-қизил гулларни эслатади. Атрофга қараб кишининг кўзи тўймайди. Ҳавонинг тозалигини айтинг.
Акмал иккита ўртоғи билан қишлоғига келди. Меҳмонлар бироз дам олишгандан кейин Нормат акасини секин четга имлаб чақирди:
– Меҳмонларни уйда димиқтириб олиб ўтиравермайлик. Тоққа олиб чиқайлик. Айланиб, дам олиб келишади.
– Яхши бўларди. Машинангда чиқамизми? – деди Акмал.
– Албатта-да. Шундай кунда минмасак, қачон минамиз. Яхши кунларимизга ярасин, деб яхши ният билан олганман.
Улар Омонқўтон тоғига чиқишди. Нормат учун Омонқўтондан гўзалроқ жой йўқ. Ўртадан шарқираб сой оқади. Суви тип-тиниқ, муздай. Тошдан тошга урилиб оқишига термилиб ўтиришнинг ўзи кишига завқ бағишлайди. Икки томон баланд тоғ – кўм-кўк ўрмон. Шаҳардан келган меҳмонлар жаннатга тушгандай бўлиб қолдилар. Арча ўтинида пиширилган тандир кабоб, кийикўт тўғралган қўйнинг қатиғи.
Нормат бир-иккита жўраси билан кабоб елпияпти.
– Акмал, укангиз нима иш қилади? – деб сўради меҳмонлардан бири.
– Колхозчи, трактор ҳайдайди.
– Колхознинг бирон-бир раҳбарлариданми, деб ўйлабман, – деди иккинчиси. – Бунча зиёфат қилиш учун…
Акмал кулиб қўйди. Аслида унинг ўзи ҳам укасига тан бераётган, қойил қолаётган эди. Қаерга бормасин ҳамма у билан қуюқ кўришади, хизматда бўлайлик, деб қўлини кўксига қўяди. Нормат: “Раҳмат, раҳмат, кейинги сафар”, деб ўтиб кетади. Шунча обрў-эътибор, иззат-ҳурмат…
Меҳмонлар