Соат ўн яримда обкомнинг биринчи секретари Бобоев республика вакили ва Донобеков билан районга келди. Донобеков олдинроқ бораверай, деган эди, Бобоев бирга борамиз, деб рухсат бермади. Келгунча Донобековнинг ичини ит тирнаб келди. Қўрқув ва ваҳимадан юраги ёрилай, дерди. Район чегарасида уларни Ғиёсов бошчилигидаги район раҳбарлари кутиб олди. Бобоев аввал Ғиёсов билан, кейин бошқалар билан кўришди. Донобеков Ғиёсов билан кўришаётганда унинг юзига, кўзига диққат билан қаради. Ғиёсов ҳеч нарса бўлмагандай хуш кайфият билан кўришди. Бундан Донобеков ҳайрон бўлди. “Нега бунчалар бепарво? Нима бўлди экан?”
Салом-аликдан кейин Бобоев Ғиёсовдан сўради.
– Ҳамма нарса тайёрми? Одамлар келганми?
– Ҳаммаси тайёр, ўртоқ Раҳим Бобоевич. Кеча Иброҳим Аҳмедович келиб, ҳамма нарсани бирма-бир кўриб, тушунтириб бердилар. Сўзга чиқувчилар билан ҳам ўзлари шахсан суҳбатлашдилар.
“Сота бошлади”, деб ўйлади Донобеков.
– Яхши, – деди Бобоев. – Бўлмаса бошлаймизми?
– Марҳамат, – деди Ғиёсов. Меҳмонларни ҳайкал ўрнатилган майдон томонга бошлади.
Донобеков ҳамон эс-ҳушини йиғиштириб ололмас эди.
Майдонга йиғилган одамлар меҳмонларни қарсаклар билан кутиб олишди.
Ғиёсов қисқача кириш сўз билан тадбирни очиб, обкомнинг биринчи секретарига сўз берди. Бобоев, ундан кейин кекса коммунист, сут соғувчи, комсомол йигит, ҳайкалтарош, аълочи ўқувчи қиз сўзга чиқди. Ўқувчи қиз сўзга чечан экан, Ленин бобога бағишлаб шеър ҳам ўқиди.
Донобеков диққат билан оқ мато ўралган ҳайкалга термилди: “Бурни борга ўхшайди-ку”.
Ниҳоят, ҳайкални очадиган ҳаяжонли дақиқалар бошланди. Бобоев бир томондан, республикадан келган вакил иккинчи тарафдан ипни тортиб, ҳайкал устидаги оқ матони тушира бошлади. Атрофни гулдурос қарсаклар тутди. Донобековнинг ичига чироқ ёқса ёришмасди. “Нима бўлар экан?”, деб тиззалари қалтирар эди. Мато сирғалиб ҳайкал устидан тушди. Донобеков не кўз билан кўрсинки, ҳайкалнинг бурни бор эди. “Ё, тавба, ё қудратингдан Аллоҳ” деб юборди коммунистлиги ҳам эсидан чиқиб. Яхшиям шовқин-сурон билан атрофдагилар унинг шукронасини эшитмади. Ялт этиб Ғиёсовга қаради, у атайлаб бошқа томонга юзланган эди. Донобеков нима бўлганини, ҳайкалнинг бурни қандай жойига келиб қолганини тушунмади. Кеча йигитлар мени алдашипти чоғи, деган хаёлга борди. Нима бўлганда ҳам бу ҳолдан у суюнди, ич-ичидан Аллоҳга шукроналар келтирди…
Маросим тугаб, меҳмонлар кетишга шайланди. Шунда республикадан келган вакил Ғиёсовни четга тортиб, эртага Тошкентга боришини, у ердан Москвага бориши мумкинлигини, шунга тайёргарлик кўриб қўйишини тайинлади.
Ғиёсов бу гапдан ҳайрон бўлиб, уч-тўрт қадам нарида турган Бобоевга қаради. Бобоев унинг қараши маъносини тушунди ва шундай қилинг, деган мазмунда бош ирғади.
Донобеков