– Тушунаман, ўғлим, – деди у оталарча вазминлик билан, – лекин сиз ҳам мени тушунинг: мен учрашувда қатнашолмайман. Бунинг учун мен эртага облонога бориш-бормаслигимнинг аҳамияти йўқ!.. Сабабини сўраманг. Мавриди келса, айтарман.
Бу гапдан ёш муаллим ҳайратга тушди. “Нима гап ўзи? Бу гапларни Алмат ака айтяптими?” Қулоқларига ишонмади. Рўпарасида турган одам ўша – ўзига илк бор ҳарф ўргатган, қалбида адабиётга иштиёқ уйғотган, қанча-қанча ёшларга устозлик қилган, шаҳарчада етти ёшдан етмиш ёшгача ҳамма домла, деб ҳурмат қиладиган Алмат Муродов турганига шубҳа қилгандек унга синчковлик ила тикилди.
Буни Алмат ака сезди. У ҳам шогирдининг жавдираб турган кўзларига қаради-да:
– Шундай, ўғлим! – деди.
… Алмат ака чуқур хўрсинди. Чинорнинг кўм-кўк баргига термилди. “Хўш, ўша ёш муаллим қандай тушунади бу бахтни? Бахт эмиш. Юз меҳри – иссиқ қабилида индамай юришганини, юзига солмаётганини бахт, деб ўйлаш керакми?..”
Балки шундайдир. Лекин мен учун бундай бахтни кўтариш оғир. Ўйинга ярамай қолганини сезиб ўзини четга олиш, ёшларга ўрин бериш даркор. Ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам қийнаб, кўзга чиққан говмижжадай хунук кўриниб юриш наҳоки бахт бўлса?”
Мудир ўйланиб қолди. Алмат акага синовчан разм солди. У нигоҳини бир нуқтага қадаб, индамай ўтирар эди. Мудир охирги марта Алмат аканинг қўйнига қўл солди.
– Мен сиздан буни кутмаган эдим, – деди ранжиган оҳангда, – Сизни сираям шунақа одам, деб ўйламовдим.
Алмат ака ялт этиб мудирга қаради. Унинг бу қарашида “Мен қанақа одам эканман? Нима демоқчисиз?” деган кескин савол зоҳир эди. Мудир буни сезмаган каби ўсмоқчилади. – Наҳотки, шу қадар шахсиятпараст бўлсангиз?
Алмат ака аввал оқарди, кейин уят иш қилиб қўйган боладай қизариб кетди. Илкис нима дейишини билмай қолди.
– Бу нима деганингиз? – деди ниҳоят.
Мудир иложи борича ўзини жиддий тутишга, ҳазилини сездирмасликка ҳаракат қилди. Гапириш оҳангини ҳам ўзгартирмади.
– Тўғри-да! Шахсий ҳаловатингизни ўйлаб ҳаммасидан воз кечяпсиз. Жамият манфаатидан ўзингизни олиб қочяпсиз. Бошқа мактабларда шундай ўқитувчилар борки, пенсияга чиққанига бир неча йил бўлганига қарамай, ишламасликни хаёлига ҳам келтирмайди. “Кўп йиллик ҳалол хизматларингиз эвазига энди ҳордиқ олинглар”, деб қанча айтдик. Аммо улар “Танамда жоним бор экан, жамият учун, халқ учун хизмат қиламан! Майли, мурдам чиқсин мактабдан”, дейишади. Уларни ҳақиқий педагог, жамият учун, халқ учун умрини бахшида қилган фидойилар деса бўлади. Сиз ўшалардан ёшсиз, лекин “Кексайдим, чарчадим, соғлиғим ёмон, ишдан бўшатинг”, дейсиз.
Мудир