Алмонднинг фикрича, сиёсий тизимнинг кириш ва чиқиш омилларини тизимларнинг ичкарисидан келиб чиқадиган функциялар нуқтаи назаридан таҳлил этиш зарур. У шундай саволлар қўяди: ким (яъни, қандай тузилмалар), қандай функцияларни бажармоқда ва қандай йўсинда?
Д.Истон ва Г.Алмонд ҳозирги даврда ҳам ўз ривожланиш жараёнларини давом эттираётган сиёсий тизим назариясини яратишга улкан ҳисса қўшдилар. Истон ва Алмонд моделларининг илмий аҳамияти шундаки, улардан ўз олдига эмпирик равишда ўзаро бирлашадиган гипотезаларни яратиш мақсадини қўйган ўзига хос ва мустақил бўлган кўп соҳаларда концепциялар манбаси ва ишчи модели сифатида фойдаланиш мумкин. Ундан ташқари, эмпирик таҳлилнинг бирмунча муаммоларини ҳал этиш учун бағоят долзарб аҳамият касб этган – соҳага оид муайян терминларни стандартлаш, маълумотларни кодлаштириш, ахборотларни сақлаш кабиларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар туғилди.
Мазкур моделлар тизимларни сақлаш ва мувофиқлаштириш усулларини тадқиқ этишда ҳам ўзининг мақсадга мувофиқ эканлигини исботлади. Бу моделларнинг (айниқса, Алмонд моделининг) сиёсий тизимларни қиёсий тадқиқ қилишдаги самарадорлиги ниҳоятда юқоридир. Истон ва Алмонд ўзларининг сиёсий “тизим” моделларини яратиш баробарида қиёсий таҳлил учун макробирлик тизими тушунчасини ҳам шаклланишига асос солдилар. Уларнинг концепцияси нафақат колониялар, федерациялар, давлат-шаҳарларни, балки компонентлари ўзаро бир-бирлари билан боғланган ва яхлитликни тақсимланиши сифатида сиёсий тизим функциясини бажараётган ҳар қандай бирликни (метрополиялар, федерация аъзоси бўлган давлатлар, турли таъсир этиш гуруҳларини) таҳлилга киритиш имкониятини яратиб берди98 .
К.Дойчнинг ахборот-кибернетика модели. Сиёсий тизим назариясини ривожлантиришнинг якунлаш босқичи ХХ асрнинг 50-70-йилларида Сиёсий фанларнинг Халқаро ва Америка ассоциациялари собиқ президенти К.Дойч томонидан “ахборот-кибернетика модели”га асос солиниши билан ўз ниҳоясига етди99 . Ўз вақтида Т.Гоббс сувереннинг олий ҳокимиятини ижроия, суд ва бошқа органлар билан боғлаб турувчи сиёсий коммуникацияларни “давлат бошқарувининг нервлари”, деб атаган эди. Т.Гоббснинг ана шу ғоясидан баҳра олган К.Дойч ўзининг “Бошқарув нервлари: сиёсий коммуникация ва назорат моделлари” (1963 й.) номли асарини ёзди. Унда сиёсий тизим коммуникация ва ахборот оқимлари шахобчаси сифатида талқин этилади. К.Дойч ишлаб чиққан ахборот-кибернетика ёндашуви доирасида сиёсий ҳаёт кибернетик таҳлил ва коммуникатив механизмлар воситасида таҳлил этилади100 .
Кибернетика тушунчаси “бошқарув санъати” маъноси асосида пайдо бўлиб, у дастлаб денгиз навигацияси ва сув кемасини бошқариш маъноларини англатган. Дойчнинг фикрича, ҳукумат (давлат бошқаруви