СИЁСАТШУНОСЛИК. Муқимжон Қирғизбоев. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Муқимжон Қирғизбоев
Издательство: Yangi asr avlodi
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-27-052-7
Скачать книгу
даврга келиб ҳокимиятни қўллаб-қувватлашга доир янада универсал легитимлик турлари илгари сурилмоқди. Жумладан, инглиз тадқиқотчиси Д.Хелд юқоридаги уч хил легитимликлар қаторида “куч ишлатиш хавфи остидаги розилик”ка асосланган ҳокимиятни қўллаб-қувватлаш ҳодисаси ҳам мавжуд эканлигига эътибор қаратди. Бунда аҳоли ўз атрофида ўзининг хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган, лекин ҳали бу каби таҳдид содир бўлмаган ҳолатда ҳокимиятга хайрихоҳ бўлмаса ҳам унга амал қилишни қўллаб-қувватлайди; шунингдек, яна ҳокимиятни прагматик (воситавий) қўллаб-қувватлаш легитимлиги ҳам илгари сурилиб, унда аҳоли ҳокимиятни турли ижтимоий бойликларни олишга доир ваъдалар бериши натижасида қўллаб-қувватлашга розилик билдиради; ҳокимиятни норматив (меъёрий) қўллаб-қувватлаш – аҳоли билан ҳокимият органлари амал қиладиган сиёсий принципларнинг ўзаро мос келиши натижаси ўлароқ рўй беради; ва ниҳоят, олий норматив қўллаб-қувватлашда бу каби сиёсий принципларнинг тўлиқ равишда бир-бирига мос келиши эътиборга олинади85 .

      Кўриниб турибдики, ҳокимиятнинг легитимлиги унинг ўз функцияларини бажаришида муҳим рол ўйнайди, сиёсатни мақсадга мувофиқ равишда амалга оширишга имкониятлар яратади, сиёсат жамиятда фаровонликни ва барқарорликни таъминлаш омилига айланади, жамият билан давлат ўртасида мустаҳкам алоқалар ўрнатилиши натижасида самарали ҳамкорлик ривожланади.

      Шунингдек, сиёсий ҳокимиятни демократик нуқтаи назардан таҳлил этиш, унинг моҳиятини чуқур англаб етиш, сиёсий ҳокимиятни фуқаролик жамияти қуриш мақсадларига мувофиқ модернизациялаш ҳозирги даврдаги долзарб вазифалардан биридир. Сиёсий ҳокимиятнинг демократик талқинлари, уни амалда қўллаш, жамият сиёсий тизимида сиёсий ҳокимиятнинг амал қилиш муаммоларини ҳал этиш масалалари билан амалий машғулотларда янада батафсил ўрганилади.

      Такрорлаш учун саволлар:

      1. Ҳокимият деганда нимани тушунасиз?

      2. Сиёсий ҳокимият нима?

      3. Сиёсий ҳокимият субъекти ва объекти деганда нимани тушунасиз?

      4. Ҳокимият ресурслари қандай вазифаларни бажаради?

      5. Ҳокимиятга бўйсуниш табиатини ҳаётий мисоллар билан тушунтириб бера оласизми?

      6. Ҳокимиятнинг легитимлиги деганда нимани тушунасиз?

      III бўлим. СИЁСИЙ ТИЗИМ ВА СИЁСИЙ

      ИНСТИТУТЛАР

      5-мавзу. Сиёсий тизим

      1. «Сиёсий тизим» тушунчаси ва унинг талқинлари.

      2. Сиёсий тизим назариялари ва уларнинг ривожланиши.

      3. Жамият сиёсий тизимининг тузилмаси ва функциялари.

      4. Сиёсий тизимларни таснифлаштириш.

      5. Сиёсий режим.

      6. Сиёсий режимларни таснифлаш.

      1. «Сиёсий тизим» тушунчаси ва унинг

      талқинлари

      Сиёсатшунослик фанида жамият сиёсий тизимининг пайдо бўлиш, ривожланиш ва амал қилиш масалаларини ўрганиш муҳим амалий