Қазои Қадар. Аббос Саид. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Аббос Саид
Издательство: Yangi asr avlodi
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn:
Скачать книгу
бор мағзавасини ағдармоқчи бўлган Фаросатдан яна ҳам ғазабланаркан:

      ‒ Хотинимни орага қўшма! Хотиним сенга ўхшаб бемазагарчиликлар қилиб юргани йўқ! У мактабда болаларга илм беряпти, уларнинг одам бўлишлари учун жонини жабборга бериб келяпти! ‒ деди, ана шу жумласи билан у фосиқа билан хотини Осиёнинг ўртасида осмон билан ерчалик фарқ борлигига, шунинг учун ўзининг шалтоғини унга ағдаришга сира ҳаққи йўқлигига ишора қилди, ана шу нарсани Фаросатнинг бетига айтиш орқали асли башарасини, аслида ким эканлигини ҳам ошкор этган, унинг ўзига уқтириб қўйган бўлди.

      Шу пайт Сарсон жипириқ қўшнисининг онаси Фаросат ҳақидаги сўзларига ишонмагандай бир тарзда, ҳарҳолда ўзини ана шундай қилиб кўрсатиб, уларга тегишли бўлган, атрофи кўкат девор билан ўралган боғчанинг кохурангга бўялган тунука эшигини тепиб қўрқитмоқчи, ўзининг ҳам бу ерда борлигини кўрсатиб қўймоқчи бўлди. У илгарилари ҳам онасининг қадам олиши бежо эканини балодай биларди-ку, аммо ўзини билмаган қилиб кўрсатар, у онаси қайси йўл билан топса ҳам унинг пулини шилиб олиб ўз нафсининг ҳою-ҳавасларига сарфлашдан бошқа нарсани ўйламас, шунинг учун ҳам қандай йўлда юргани, нима ишлар қилаётгани билан қизиқмас, бу нарсалар билан отаси ҳам қизиқмаётганига, онаси ана шу нарсага йўл бермаётганига ажабланмасди ҳам; у отасини барча ишларда айбдор санагани, онасини тергашга ҳатто унинг ҳам ҳаққи йўқ деб билгани учун ҳам онаси бу нарсаларни у ва сингилларининг ҳаётини яхши томонга ўзгартириш учун қиляпти, ана шунинг учун ўзини ўтдан-чўққа уриб юрибди деб ҳисоблар, қолаверса, уни кузатиш ёхуд тергашни ўзининг вазифаси деб билмас, бу нарсага қизиқиб ҳам кўрмаган, онасининг ана шундай ишлар билан ҳам шуғулланиб юришига ҳеч нарсада йўқ нодон, ношуд, ўлгудай сўтак отасини айбдор санагани учун ҳам онасини ўз ҳолига қўяр, истаган иши билан шуғулланишига, хоҳлаган тарзда яшашга ҳаққи бор деб билар, ана шунинг учун ҳамиша, барча ишда унинг тарафдори эди. Шу туфайли ҳозир ҳам ҳеч нарсадан хабари йўқ бир қиёфага кириб, олиб ўзича инграб, ўзи ва онасини жабрдийда қилиб кўрсатишга уриниб:

      ‒ Бўлмаган гап! Сира ундай эмас!.. ‒ дея ўшқирди, аммо Анвар Шокирнинг бетига тик қарай олмади, қўшнисининг онасига нисбат бериб айтган сўзлари жахлини чиқариб юборганини ошкор қилмоқчи бўлиб, боз устига, ўзининг қандай ҳам ориятли, нафсониятли бир йигит эканини кўрсатиб қўймоқ илинжида тағин тунука эшикни икки-уч бор тепди, бўлак ишга унинг кучи ҳам, уқуви ҳам етмади.

      Отаси Тиркаш тирсак эса ҳеч нима дея олмади. У ҳеч нима дея олмасди ҳам. У хотини Фаросатнинг саёқ юрганида ёхуд ана шунга ўхшаш номаъқул ишларни қилаётганида ҳали ушлаб олмаган эди-ю, бироқ аёлига арақ ичишни ўргатган, бу бемазагарчиликка мажбурлаган ҳам унинг ўзи эди. Баъзида кечга томон хотинининг бир ўзи, бошқа сафар эса синглиси Таманноз билан бирга ясан-тусан қилиб кетишлари диққат-эътиборини тортса-да, ўзини ҳеч нарсани сезмагандай, билмаган кишидай қилиб кўрсатарди.