‒ Буям меҳнатга қайишсин-да! Са-аал эгиладиган, са-аал у-бу ишга қарашадиган, са-ал одам меҳнатининг қадрига етадиган бўлсин-да! – деди Анвар Шокир, ана шу дакки-дашномига, насиҳатомуз сўзларига қўшимча равишда: “Бу арзандангларга арақ ичишдан бошқа нарсани ўргатмаяпсизлар-ку! Ахир, сизлар, бир пайтлар зиёлиликнинг даъвосини қилиб юрганлардан эдинглар-ку?! Яна устига, уч-тўрт кундан сўнг рамазон ойи киради, бу ерлар ҳам сал озода, саранжом-саришта туриши керакми? Биз ўзбеклар ‒ мусулмонлар яшаётганларидан далолат бериши керакми, ахир?! Қачонгача тепадан истаган чиқитларингни ташлайверасизлар? Қачонгача бу номаъқулчиликлар давом этаверади?!”, демоқликка ҳам тараддудланаётганди, туйқус юқоридан пастга ошиқиб тушаётганларнинг шанғиллаган овози эшитилиб, бир маҳал Фаросат йўлак ичидан отилиб чиқди, унга эргашган синглисининг ҳам нияти яхши эмаслигини авзойи кўрсатиб турарди.
Фаросат эркаклар қатори арақ ичган, шу сабабдан оқ-сариққа мойил япалоқ юзи синглисиникидан-да қизарган, пистақиранг қисиқ кўзлари катталашиб, қирғизқовоқлари одатдагидан бўртиган, бунинг устига, бу ғазабнок, бу аламзада, бу хасад-хусумат уруғи фасод боғлаб қачондир ёрилиши шундоққина кўриниб турган заҳар-заққумга монанд авзосидан қўшнисига нисбатан кек-адовати шу бугунники эмас, кечаги ҳам эмас, балки анча йиллардан бери давом этиб келаётганини ҳам пайқаш мумкин эдиким, гўё бошқа сафар имконият туғилмайдигандай, қулай фурсатни қўлдан бой бергудай бўлса, афсус-надоматлар чекадигандай, айнан шу бугун унинг додини бериши керакдай, шу бугун у билан ҳисоб-китоб қилиб тиз чўктирмаса бўлмайдигандай бир вахший, дарғазаб қиёфада турарди. У ўзининг бутун хатти-ҳаракати, диққат-эътиборини, феъл-атворидаги бор бадкирдорликлари, бор қабиҳликлар ва разилликларини ана шу нарсага йўналтиргани учун ҳам титраб-қақшаб қон истаётган,