Қазои Қадар. Аббос Саид. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Аббос Саид
Издательство: Yangi asr avlodi
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn:
Скачать книгу
Биз аллақачон бегоналашиб кетганмиз, шунинг учун мени ҳовлингизга таклиф қилмай қўяқолинг! ‒ деб уй бекасини қовоқаридай “чақиб” олиб, манзиратидан энсаси қотган бўлди. Яна Кариманинг эгнидаги одми шодланка кўйлагига такаббурона кўз қирини югуртираркан:” Тузук, сен пондавоқи Асқарга турмушга чиқиб уйли-жойли бўп қопсан ‒ паҳмоқнинг бахтини берибди деб шуни айтарканлар-да! Унга менам ҳеч иккиланмасдан Моҳирамни берган бўлардим, лекин у қизимни сингил ўрнида кўрди, анави қурумсоқ қайноғам ҳам рўйихуш бермади бу ишга!”, деб ўзича бир томондан овсинининг келинини камситса, бошқа томондан бир пайтлар Асқарни ўзига куёв қилиш истаги ҳам бўлганини эслаб ич-ичидан ўкинган, ана ўша ниятини амалга оширолмаганидан, шундоқ топармон йигитга мана бу рўпарасидаги мегажин эгалик қилиб олганига куйиб ҳам кетди.

      Карима бу сафар гап нимада эканини тушунмади. Тоҳира сатангнинг қўшнилар эшитишини хоҳлагандай овозига эрк бериб “ўзларининг бегоналашганларини” рўкач қилиши жаҳлини чиқариб, нафсониятини қўзғагани боис:

      ‒ Бундай тушунтириброқ айтинг, Тоҳира кеннойи !.. ‒ деди.

      ‒ Эрингизга бир пайтлар Рашид акам тўрт минг рублда пул берганлар, иннайкейин, институтга ўқишга кираётганидаям ёрдам қўлини чўзиб минг сўм, ўрис рублини назарда тутиб айтяпман-да, берган эканлар, ана шуларни Асқар қайтармаган. Ҳозир Боҳодир учун ўша пуллар зарур бўп турибди, шуни сўраб келдим, шуни менга беринглар, ‒ деди Тоҳира сатанг, ҳеч бир андиша қилиб ўтирмай ҳовлида шанғиллади. Унинг эркакларникига ўхшаш йўғон, дўриллоқ овозини нафақат бу ҳовлида, балки қўшни ҳовлида ҳам бемалол эшитиш, бемалол қулоқ солиш мумкин эди ‒ жарангдор овози у қўшнидан ўтиб, нариги қўшниникига ҳам етиб бориши ҳеч гап эмасди.

      Ана шу томонларини ўйлаган, ана шу томонларини ҳисобга олган Кариманинг юраги худди товонига қадар тушиб кетаёзди. Бошқаларни эмас-ку, аммо икки ён қўшнисининг вужуди қулоққа айланишидан, ўз диққат-эътиборларини буларнинг ҳовлисига қаратишларидан қўрққани сабаб:

      ‒ Юринг, кеннойи, ичкарига кирайлик, остонада гаплашмайлик, ‒ деб қистоққа олди, улар билан муносабати яхши бўлмаган, ўзини ҳамиша мана бу Тоҳира сатанг ва Рашид дўконга ўхшаб катта олаверадиган, худди мана шу эр-хотинга ўхшаб димоғидан эшак қурти ёғилувчи, ҳадеб ўзининг ҳаммадан бадавлат, пулдор эканини пеш қилиб чарчамайдиган чап томонидаги чармфуруш қўшниси Парфи кеккайганнинг хотини, хотин бўлганда ҳам эрига ўхшаган катта оғиз аёл санагани Савлатхон опа эшитиб қолишидан хавотирланиб ўшанинг девори томон ташвишли нигоҳда қараб олди, ортидан ана шундайин хавотирли овозда қўшиб қўйди: ‒ Эшитган қулоқ нима деб ўйлайди? Буларникига биров келиб жанжаллашаяпти деб ўйламасинлар тағин, ҳар хил хаёлларга бориб юришмасин!

      Тоҳира сатангга худди шу нарса керак эди. У қайноғасининг ўғли Асқар бир неча йил ичида бойиб, Ўрикзордай бир даҳадан мана бундай тайёр ҳовли-жойни сотиб олганини ҳали ҳам хазм қилолмаётган, ҳали ҳам мана бундай ҳайҳотдай ҳовли ва катта бир участка,